Муҳтарам ватандошлар!

Сизларни улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Қадрли дўстлар!

Дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси туфайли бу йил Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин, шунга қарамасдан, бу байрамнинг руҳи ва шукуҳи қалбларимизда, юракларимизда давом этмоқда. Бу айём юртимизнинг меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шод-у хуррамлик билан нишонланмоқда.

Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5та кодекс ва 250га яқин қонунлар ташкил этмоқда.

Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

«Янги Ўзбекистон» деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.

Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ҳурматли юртдошлар!

«Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.

Ана шундай конституциявий пойдеворга асосланган ушбу тизим дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда турли таҳдид ва синовлар, жумладан, глобал пандемияга қарши курашда, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий ва техноген офатларнинг оқибатларини бартараф этишда ўзини тўла оқлади.