Ўзбекистон | 17:14 / 11.12.2020
8824
2 дақиқада ўқилади

Музаффар Комилов «Вақф» фондининг шаффофлиги ҳақидаги танқидларга муносабат билдирди

«Тез кунларда фонд шаффофлиги нуқтайи назаридан янги сифат кўрсаткичига ўтилади», – деди диний соҳадаги ваколатли орган расмийси.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов «Вақф» фонди даромад ва харажатларини шаффофлаштириш ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Ҳақиқатан ҳам «Вақф» фонди ҳақида турли гап-сўзлар кўпайиб кетди. Бу нарсаларга чек қўйиш керак. Икки томонга туриб олиб, бир-бирига тош отишмас, бир-бирини қўллаб-қувватлаш керак.

Фонд ҳақидаги гап бекорга эмас. Бекорга урғу бермадим. 100 йилдан кейин тикланган диний ва миллий қадриятга айланган ушбу йўналишимизни ривожлантиришимиз керак. Шунинг учун ҳам фонд таркибида ўзгаришлар бўлди. Ҳозир жойлардаги фонд филиаллари ходимларини ҳам кўриб чиқяпмиз. Бу – кимдир айбдор деган нуқтайи назардан эмас, балки бу давр талаби ва фонднинг ишини такомиллаштириш эҳтиёжи пайдо бўлгани учун.

Фондни обрўсизлантириш борасида, билмадим… кимларнингдир қўли бордир бу борада ёки бошқача ҳолатми. Шаффофлик масаласида топшириқлар берилган, аслида ҳозир ҳам фонднинг сайтига кириб кўрса, у ердаги молиявий ҳаракатларни, кунлик тушумларни кўриб бориш мумкин.

Шундай бўлса ҳам талабдан келиб чиққан ҳолда, сайтни такомиллаштириб қўшимча дастурлар орқали ҳар ким ўзи тақдим қилган маблағ ҳаракатини ҳам кузатиб бориши имконини берадиган дастурлар юкланяпти. Тез кунларда фонд шаффофлиги нуқтайи назаридан янги сифат кўрсаткичига ўтилади», – деди Музаффар Комилов 10 декабр кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди 2018 йилда ташкил этилган эди. Диний-маърифий соҳада кўмаклашиш, масжидларни ободонлаштириш, имом-хатиблар ва ноибларни моддий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан саналади.

Ноябрь ойида фондга янги раҳбар тайинланди. Шайхонтоҳур туманидаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси вазифасида иш бошлади.

Мавзуга оид