БМТ ТД лойиҳаси матбуот котибининг Kun.uz’га маълум қилишича, ишга туширилаётган янги қўшма дастур Ўзбекистон ҳукуматига қашшоқликни камайтириш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенглигини тарғиб қилиш ва самарали бошқарувни таъминлашга қаратилган миллий ривожланиш стратегиясини молиялаштиришнинг умумий тузилмасини мустаҳкамлашда ёрдам беради.
Шу кунларда бошланган «Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштиришнинг бирлаштирилган миллий механизми (МБММ)» лойиҳаси дастлаб 2022 йил охиригача давом этади ва Ўзбекистон Молия вазирлиги биносида жойлашади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ушбу қўшма дастурга ташкилотнинг Болалар жамғармаси (UNICEF), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ ГЖБ) билан ҳамкорликда раҳбарлик қилади.
БМТнинг доимий координатори Ҳелена Фрейзернинг айтишича, БМТнинг ҳукуматни қўллаб-қувватлаш бўйича ушбу қўшма дастури учун вақт жуда тўғри танланган, чунки мамлакат COVID-19 пандемиясидан қутулишга интилмоқда.
«Ушбу қўшма дастур ҳукуматга муқаррар равишда молиявий оқимларнинг пасайишига олиб келадиган нарсаларни ўзгартиришга, ҳукуматнинг БРМнинг улкан мақсадларига эришиш бўйича тезкор ечимларни топишга ёрдам беради ва бунда айниқса соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва иқлим ўзгаришига қарши курашга алоҳида эътибор қаратилади», деди Ҳелена Фрейзер.
Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ мамлакатни ривожлантириш истиқболларини амалга ошириш учун зарур бўлажак маблағ миқдорини тўғри аниқлаш учун ҳар томонлама баҳолашларни амалга ошириш зарур.
«Биз Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштиришнинг бирлаштирилган миллий механизмини яратиш бўйича ушбу қўшма дастур бу масалада бизга ёрдам беради деб умид қиламиз», — деди у. Қўшимча қилинишича, ҳукумат ривожланиш бўйича миллий устувор вазифаларга ва БРМга эришиш учун турли манбалардан, шу жумладан, давлат бюджети ва ташқи қарзларни ўз ичига олган молияларни жалб қилмоқда.
БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовсканинг таъкидлашича, МБММ Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш стратегияси ва уларни молиялаштиришни Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлаштиришга имкон берувчи кенг қамровли асосдир.
«Дастур давлат ва хусусий молиялаштириш бўйича ечимларини ишлаб чиқади ва мавжуд маблағлардан самарали фойдаланган ҳолда янги ресурсларни жалб қилишга ёрдам беради.
БМТ Тараққиёт Дастури инклюзив ўсиш ва ривожланишни молиялаштириш бўйича тажрибага эга бўлиб, ҳукумат БРМга эришиш учун миллий молиялаштириш механизмини яратишга интилаётганида уни қўллаб-қувватлашга тайёр», — деди у.














