«Сиз халқнинг ичига кириб кўринг. Менинг олдимга Фарғонадан оқсоқол келди: «Кечаси газ ўчганига набирамнинг қоши совуқдан музлаб қолди, операция қилиб олиб ташламоқчи», дейди. Уларга қанақа қилиб жавоб берасиз?! Сенат раиси бу йилги қишни қандай қилиб ўтказиб олиш ҳақида бир неча марта савол бердилар. Аниқ жавоб беринг аҳолига.
Ҳудудларга борган вақтимизда халқ бизни еб қўяй деди. «Уйимга кириб кўринг», деяпти. Кириб кўряпмиз. Яшаш шароитлари оғир, одам музлаб қоляпти. На свет бор, на газ бор. Нима қилиш керак? Аҳолига аниқ жавоб беринг. Бу йил шундай ўтиб кетиши керакми? Халққа нима деб жавоб берайлик», дея Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
«Биздан гўнг ҳиди келяпти» — Сенатор тезак ёқаётган онахоннинг илтимоси ҳақида гапирди
Беҳзод Норматов бу ҳақда мажлис аввалида ўқилган ҳисоботида маълумот берганини, мажлисда энергоресурслар таъминотига масъул корхоналарининг раҳбарлари ҳам қатнашаётганини айтган пайтда Бурхонов унинг сўзини бўлиб, уларнинг раҳбари сифатида Норматовдан саволга шахсан ўзи жавоб беришини талаб қилди.
Беҳзод Норматов:

– Вазирликда йиллик баланс ишлаб чиқарилади. Ҳар битта ҳокимият, ҳар битта туман ҳокимлари билан биргаликда ҳар битта туманда қанча энергоресурс истеъмол бўлиши кераклигини...
Қутбиддин Бурхонов:

– Шуларнинг планировкаси ҳам нотўғрилигини мен ҳисоботда айтдим. Шуларнинг кераклигини айтгани билан вақтида бермаётганлиги, бажармаётганлиги. Сиз республика бўйича шу вазирликнинг раҳбарисиз. Аниқ айтинг, бу йил қишда халқ иссиқлик билан таъминланадими, йўқми?














