Аввалроқ Навоийдаги эркин иқтисодий зонада жойлашган «Telecom Devices PRO» МЧЖ томонидан «Ўзбекистон» деб номланган, 64 гигабайт хотира қувватига смартфонлар ишлаб чиқарилаётгани, у ички бозорга мўлжаллаб тайёрлангани ҳақида хабар берилган эди. Телефон панелининг марказий қисмига Ўзбекистон Республикаси герби туширилгани ижтимоий тармоқларда навбатдаги муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Фойдаланувчилар «Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби тўғрисида»ги қонунининг 5-1-моддасида Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги белгиланган ҳолда сотиш учун ишлаб чиқарилаётган смартфонларга ушбу қонунга зид равишда давлат рамзи тасвири ишлатилганига эътироз билдиришган. Шунингдек, айрим ўзбекистонликлар қонуннинг ушбу нормасини била туриб, ушбу телефонни ишлаб чиқаришга лицензия ва мувофиқлик сертификатини берилганини танқид қилишган.

Kun.uz мухбири ушбу эътирозлар юзасидан Ахборот ва телекоммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадовдан изоҳ сўради. Вазир матбуот котибининг таъкидлашича, давлат герби тасвири туширилган смартфонлардан тижорий мақсадларда фойдаланилмаган, улар вазирлик ва идораларнинг буюртмасига кўра чекланган миқдорда чиқарилган.

«Давлат герби тасвири туширилган смартфонлардан тижорий мақсадларда фойдаланилмаган. Корхонада гравировка асосида Давлат герби тасвири туширилган смартфонларни вазирлик ва идораларнинг буюртмасига кўра чекланган миқдорда чиқарган бўлиб, давлат рамзи тасвиридан тижорат мақсадида фойдаланилмаган.

Бошқа буюртмачилар, яъни Миллий банк, UCELL ва Uzmobile каби буюртмачилар талабига кўра, смартфон панелининг марказий қисмига буюртмачилар хоҳлаган логотип тасвирлари туширилган ҳолда ишлаб чиқарилган. Маҳаллий бозорларда «Ўзбекистон» смартфонлари «I-Device» бренди остида сотилган», дейди Шерзод Аҳмадов.

Маълумот учун, «Telecom Devices PRO» масъулияти чекланган жамияти 2016 йилнинг 8 ноябр куни ташкил топган бўлиб, асосий фаолияти телекоммуникация қурилмаларини ишлаб чиқаришдан иборат. Давлат статистика қўмитасининг очиқ маълумотларига кўра, «Telecom Devices PRO» МЧЖнинг устав фонддаги барча улуш «Ўзбектелеком» АКга тегишли ҳисобланади.