Жаҳон | 03:49 / 17.12.2020
14821
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Ойдан тупроқ намуналари олиб келаётган зонди Ерга қўнди

Фото: AP

Хитойнинг “Чанъэ-5” зондининг қайтарилувчи қурилмасидан ташланган капсула Хитойнинг Ички Мўғулистон туманига қўнди. Капсулада Ой сиртидан олинган тупроқ намуналари бор.

Капсула Ер атмосферасига киргач, парашют тизимида Ерга тушган. Уни қидиришга махсус отряд жўнатилган. Таъкидланишича, капсулани қидириш ишлари у тушган ҳудудда қоронғи тушгани ва қалин қор қопламаси борлиги сабабли қийинлашган.  

Ой сиртидан Ерга геологик намуналарни етказишга мўлжалланган “Чанъэ-5” зонди 23 ноябрда “Чанчжэн-5” ракетаси ёрдамида фазога чиқарилганди.

Зонднинг махсус модули 1 декабрда Ойнинг кўринадиган томонининг ғарбий қисмида жойлашган Бўронлар океанига қўнган. 2 декабрда модул Ой сиртини бурғилаб, 2 метр чуқурликдан геологик жинс намуналарини олган. Шундан кейин 3 декабрда модулнинг манипулятори Ой сиртидан тупроқ намуналари тўплаган. Миссия давомида модул умумий ҳисобда 2 кг геологик намуналар тўплаган.

Модул Ой сиртидан кўтарилишидан олдин Ернинг табиий йўлдошида Хитой байроғини ўрнатган. 6 декабрда модул “Чанъэ-5”нинг орбитал модули билан туташиб, Ерга қайтувчи қурилмага Ойдан олинган намуналарни берган. 

Миссия муваффақиятли якунланса, Хитой Россия ва АҚШдан кейин Ерга Ой тупроғини етказган тарихдаги учинчи ва 1976 йилдан бери буни амалга ошира олган биринчи давлат бўлади.

Мавзуга оид