Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси билан вилоятда 2020 йилги Инвестиция дастури ижросини таъминлаш доирасида 30 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.

Бу мақсадлар учун 77,6 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган бўлиб бугунги кунгача режалаштирилган ишлар ниҳоясига етказилган. Натижада бу йил замонавий мактаб талабига жавоб берадиган 7 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилиб, минглаб ёшларимизнинг сифатли таьлим олиш имконияти ошди.

Шунингдек, 10 та соғлиқни сақлаш объектлари фойдаланишга топширилиши ва замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилганлиги сабабли беморларнинг республика шифохоналарига мурожаат қилишлари кескин камаймоқда. Иккинчи томондан, вилоятнинг ўзидаги тиббий муассасаларда даволаниш аҳоли учун яқин ва қулай ҳамдир.

Бундан ташқари, ёғингарчиликлар туфайли аҳолини сел хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида 9 та алоҳида иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди.

Навоий шаҳридаги 3-сонли 250 қатновли оилавий поликлиника биносининг қурилиши юқоридаги қурилишлардан бир мисол. 151-сонли ҚМП томонидан қурилган объектнинг умумий қиймати 4 млрд 53 млн сўмни ташкил этади. Навоий шаҳридаги 110 ўринли, 55 қатновли вилоят тери таносил касалликлари диспансери ҳам шу йил фойдаланишга топширилган объектлардан бири. Унинг қурилишига 18,3 млрд сўм сарфланган.

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан компаниямиз томонидан 38 млрд 82 млн сўмлик қурилиш-монтаж, таъмирлаш ишлари бажарилиб, 10 та умумтаълим мактаблари ва 1 та тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди.

Масалан, Навбаҳор туманидаги 24-сонли мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча 160 ўринли ўқув блоги қурилди. Бунинг учун пудратчи ташкилот «Баҳромбек келажаги» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилиб, 2 млрд 28 миллион сўм сарфланди.