Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.
Макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.
Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.
Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.
Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн сўм, харажатлари эса 40,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.
Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.
Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн сўм, харажатлари 36,5 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган.














