Kun.uz 7 декабрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманидаги ёш тадбиркор Беҳзод Тошевнинг оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тўсқинликка дуч келаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилган эди.
Мақолада «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида берилган ер прокуратура протести асосида бекор қилингани ҳақида ёзилганди. Президент фармони билан тасдиқланган давлат дастурида ерларни ёш тадбиркорларга тақдим этишда истисно тариқасида туман ҳокимларига рухсат берилгани инобатга олинмагани ва қатор бошқа камчиликлар хусусида сўз юритилиб, ер олиб қўйилар экан, тадбиркорга лойиҳани амалга ошириш учун бошқа ер тақдим этилмаган.
Мақола эълон қилинганидан икки кун ўтиб, республика Бош прокуратураси мазкур масалада барчаси қонун доирасида бўлаётгани ҳақида муносабат билдирди.
Сайт мухбири Бош прокуратуранинг муносабатида айтилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида яна Когон туманида бўлиб, тадбиркор Беҳзод Тошев билан учрашди. У Бош прокуратура баёноти юзасидан ўз фикрларини қуйидагича баён қилди.
«Бош прокуратура баёноти билан танишиб чиқдим. Авваламбор, шуни айтмоқчиманки, баёнотда туман прокуратураси протести ва вилоят кадастри хулосасидаги гаплар кўчириб олинган ҳолда тақдим этилган.
Беда экиб, қорамол боқаётганим айтиляпти. Бизга ер берилган вақтдаги расмларни нега сўрашмаган? Биз ерни олгунимизча бу ер ташландиқ бир аҳволда бўлиб ётганди.
Яна ҳеч қандай қурилиш ишлари амалга оширилмаган, дейилган. Баландлиги 3,5 метр, узунлиги айланасига 400 метрлик девор ўзи пайдо бўлгани йўқ. Бинони қуриш учун ҳужжатини йиғишнинг ўзига 6–7 ой вақтимиз кетган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ва прокуратурасидан ишимизга тўсқинлик қилинса, қандай қилиб қурилиш қилишимиз мумкин?

Шу ерда 19 ишчи ишлади. Уларга: «Буларнинг қарори бекор бўлган, ишламанг, пулларингни бермайди», деган гаплар айтилган. Бир томонда протест келтирилган бўлса, низоли жой бўлгани боис яна қандай қурилиш ишини амалга оширишимиз мумкин?
Баёнотда суд қарор чиқаргани айтилган. Аввал ҳам айтдим, икки сафар ҳокимлик вакиллари келмади – суд қолдирилди; бизда таъзия бўлиб, қатнаша олмаган кунимиз эса суд бизни эшитмасдан қарор чиқариб юборган. Вилоят суди бу қарорни маъқуллади.



















