Мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонова газ тарқатиш муаммолари юзасидан ўз фикрларини эълон қилиши ортидан, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалига директор маслаҳатчиси сифатида ишга олинди.

Kun.uz мухбири табиий газ муаммоси долзарблигидан келиб чиқиб, Султонованинг таклифлари масаласида унинг ўзи, «Ҳудудгаз Фарғона» бош муҳандиси ва «Ўзтрансгаз» АЖ бўлим бошлиғи билан суҳбатда бўлди.

«Водийга кирадиган битта компрессордан хизмат қилаётган қувурларимиз Наманганга, Андижонга, кейин Фарғонага келади. Шу сабаб Фарғонада, яъни тизимнинг охиридаги ҳудудларда қишда босим паст. Истеъмол қишда 15–18 кг бўлса, ёзда 3 кг.га тушади.

Бутун дунё аллақачон газни сақлаш омборларидан кенг фойдаланяпти. Бизга қачондир иш берган омборлар Қирғизистон ҳудудида қолиб кетди. Лекин қўшниларимиз фойдаланишга рухсат бермаяпти. Хўжаободдаги битта омбор камлик қилади.

Бугунги кунда довон ён-атрофидаги адирликларга йирик омбор ёки бир неча омборлар қуриш керак. Албатта, бу бирданига бўлиб қолмайди, бир неча йил керак. Аммо бугун киришмасак, ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олмасак, эртага кеч бўлади.

Энди ҳаммамиз бирлашиб, битта команда бўлиб, шу нарсаларни ҳал қилишимиз керак. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбари билан ҳам гаплашдим. Аҳоли қаерда ноқонуний газга уланишни кўрса,  «Бу қонунийми ёки йўқми», деб назоратга олиши кераклигини айтдим. Чунки бу газ аҳолиники», – дейди Гулбаҳор Султонова.

Тадқиқотчининг фикрича, газ таъминотини изига тушириш учун олимлар жалб қилиниб, лойиҳа институтлари ишлаши, тизимдаги қувурларнинг ўтказувчанлик даражаси, босим назоратга олиниши керак.

Янги қурилаётган аҳоли пунктларини улашдан олдин ўша ҳудудга келаётган босимни ҳисобга олиш ўрнига, юқоридан «Тезда улаб бер» деган қўнғироқлар орқали иш ташкил қилиниши шу ҳолатга олиб келган, дейди у.

Янги омборларга эҳтиёж йўқ — «Ўзтрансгаз» вакили

Ўзбекистонда табиий газни етказиб бериш, сақлаш ва реализация қилиш билан «Ўзтрансгаз» АЖ шуғулланади. Компаниянинг Газни ер остида сақлаш иншоотларини эксплуатация қилиш бўлими бошлиғи Ҳусниддин Нуруллаев билан телефон орқали боғландик.