
Вазирлик хабарига кўра, суҳбат давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда инвестициявий ҳамкорлик соҳасида ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан нефть-газ, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва машинасозлик соҳалари ҳамда Италия йирик компанияларини Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилиш борасида алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Хорижий томон Ўзбекистонга Европа иттифоқи мамлакатларига 6 мингдан ортиқ товарларни божсиз экспорт қилиш имконини берадиган ("GSP+") преференциялар бош тизими бенефициар мамлакати мақомини олишда ҳамда ЕИ билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномаси имзоланишида ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Италия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак беришга содиқлигини ҳам қайд этди.

Томонларнинг ҳудудлараро шерикликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши алоҳида таъкидланди, тегишли таклифлар тилга олинди ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Италиянинг Ломбардия вилояти ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш бўйича кейинги ишлар белгилаб олинди.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ва саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон - Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
















