Йил давомида ўзини кўрсата олган футболчи ва мураббийлар билан бир қаторда расмийлар ҳам махсус совринлар билан тақдирланди. «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Ўзбекистонда 2020 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида ортиқча деб топилган бўлса, «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийига айланди.

Йил лауреатларини тақдирлаш маросимидан кейин бир қатор совриндорлар ва номзодлар ҳамда расмийлар Kun.uz ва Tribuna.uz мухбири саволларига жавоб қайтаришди.

Элдор Шомуродов: «Мендан кўра, Жалолиддин Машарипов совринга ҳақли эди»

ЎФА тақдирлаш маросимига Италиядан етиб келган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Женоа» клуби форварди Элдор Шомуродов ҳам «йил футболчиси» номига якуний даъвогарлар қаторидан ўрин олганди. Тадбирдан кейин дастлаб бу сафар совринсиз қолган Элдорни саволга тутдик.

«Авваламбор, барчани келаётган байрам билан табриклайман. Бу йил энг яхши бўлишни кутганмидим? Тўғриси, мендан кўра, Жалолиддин Машарипов йилнинг энг яхши футболчиси совринига муносиб эди ва ҳақли ғалаба қозонди.

- Бу совринни ютиш учун сизга нима халақит берди?

- Фикримча, мавсумни бир текисда ўтказа олмаганим учун совринга ҳақли бўлмадим.

- Италиядаги фаолиятингиздан қониқяпсизми? «Женоа»да мураббийнинг алмашинуви сизга қандай таъсир қиляпти?

- Ҳозирча ҳаммаси яхши. Бош мураббий ўзгаришининг ҳеч қандай ёмон таъсири йўқ, ҳаммаси жойида. Италияга қайтганимдан кейин яна асосий таркибдаги ўрним учун курашишда давом этаман.

Рўзиқул Бердиев: «Насаф»нинг ёшларга таянган сиёсати тўғри эканлигига бугун амин бўлдим»

ЎФА тақдирлаш маросимида «Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи» номинациясида ғолиб бўлган Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мухбиримиз билан суҳбатда қувончини яширмади.

- Бугунги маросимдан жуда ҳам хурсандман, чунки жамоам кўп совринга эга чиқди. Айниқса, ёш ўйинчиларим бугунги эътирофларга лойиқ эдилар, деб ўйлайман. Шу боис бундан жуда ҳам хурсандман. Клубнинг ёшларга ишонч билдириш сиёсати тўғри эканлигига бугун яна бир карра амин бўлдим. Чунки ёшлар билан Суперлигада 2-ўринни олганимизга ва уларнинг ўсишига бизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги хурсанд қилади.