Ўзбекистон | 14:15 / 28.12.2020
26789
4 дақиқада ўқилади

Хоразмда вилоят ҳокими ўринбосарининг укасига тегишли компания тендерда 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини ютган

Хоразмда вилоят ҳокимининг тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини ютгани маълум бўлди. Бунда ҳоким ўринбосари Баҳром Қурбонов тендер комиссияси раиси бўлган. Бу ҳақда Давлат харидлари порталидаги маълумотларга таяниб, Telegram’даги Davletovuz канали хабар берди.

Баҳром Қурбонов 2020 йилнинг мартида Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Муқаддам «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжинеринг компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари бўлган. У вилоятда қурилиш комплексида пудрат, лойиҳа ишларига бўлган давлат буюртмасини тендер асосида жойлаштиришни, шунингдек, унинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 25 июн куни Баҳром Қурбонов раислигида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси бўлиб ўтган. Комиссия қиймати 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлган иншоотни қуриш учун «Бунёдкор» МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олган. Мазкур корхона улушлари юридик шахслар реестрига кўра тўлиғича Улуғбек Шарипович Қурбоновга тааллуқли. У вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Баҳром Шарипович Қурбоновнинг яқин қариндоши – укаси ҳисобланади.

Мазкур компания, шунингдек, Урганч шаҳар «Ашхобод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ҳам ғолиб бўлган. Тендер натижалари 2020 йил сентябр ойида эълон қилинган. Қарийб 7 миллиард сўмлик объект бўйича тендер комиссияси раиси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазири бўлган, лекин у йиғилишда «узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган».

«Давлат буюртмалари, таъбир жоиз бўлса, катта қозон. Ундан барча тадбиркорлар тенг ва тўсиқларсиз фойдалана олиши керак. Шундагина ривожланиш бўлади, шундагина рақобат муҳити қарор топади. Модомики давлат буюртмаларини мансабдор шахсларга тааллуқли компаниялар олар экан, бу компаниялар қанчалик зўр ва кучли бўлмасин, охир-оқибатда бошқа тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига, уларнинг кенгайишига тўсқинлик пайдо бўлади, бозорда бир тарафда маҳаллий бозорни монопол қилган, иккинчи тарафдан эса чала, ўғри, откат билан ишлайдиган, фақат сифатсиз қурилиш қиладиган компанияларнинг куни туғади. 

Шунинг учун маданиятли жамиятларда бундай давлат буюртмаларида чиновникнинг корхонаси иштирок этмайди, ҳеч қачон амалдор укаси ёки акаси номидаги компания иштирок этаётган тендерда комиссия раиси бўлмайди. Бу абсурд. Бу жиноят. Бу коррупция. Юқоридаги ҳолатлар, назаримизда, манфаатлар тўқнашуви, қонун бузилиши жойларда чуқур илдиз отганини, муаммога тизимли ечимлар излаш кераклигини кўрсатмоқда», дейди канал муаллифи.

Аввалроқ Андижонда давлат буюртмаларини буюртмачининг ўзига тегишли компаниялар тақсимлаб олгани маълум бўлганди. Хусусан, «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган «Milano Biznes Servis» МЧЖга қарийб 20 миллиард сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олган. Сўнгги маълумотларга кўра, Андижон вилояти прокуратураси қурилишлардаги манфаатлар тўқнашувини текширмоқда.

Davletovuz канали Жиззах вилоятида ҳам вилоят ҳокими ўринбосари қариндошларининг компаниялари бир неча юз миллиард сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиевага тегишли компания кўчаларга гул экиш бўйича бир неча миллиард сўмлик тендерларни ютиб олгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид