«Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 млрд сўм йўналтирилади. Шунингдек, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда бюджетдан 150 млрд сўм ажратилади.

Ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оққон ва оғир ирсий гематологик касаллликлардан азият чекмоқда. Келгуси йилда онкогематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагнозтика ва тиббий амалиёт учун бюджетдан 250 млрд сўм ажратилади.

Яна бир масала. Аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлар бўйича 35та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказ аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа, ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади», деган давлат раҳбари.