15:58 / 31.12.2020
3411

Вестминстер университетида Ucell-лабораторияси очилди

Кеча, 30 декабр куни Тошкент халқаро Вестминстер университети (ТХВУ)да янги Ucell-лаборатория лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ucell'нинг етакчи лавозимларида меҳнат қилаётган Вестминистер битирувчилари ҳам қатнашишди. Лойиҳа «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) ва Тошкент халқаро Вестминстер университети (ТХВУ)нинг ёш истеъдодларига кўмаклашиш, бўлажак мутахассислар салоҳиятини янада оширишга қаратилган.

Аввалроқ, 2020 йилнинг августида Ucell компанияси ва ТХВУ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Мазкур меморандум доирасида университетнинг янги биноси базасида очилган Ucell-лабораторияси талаба ва ўқитувчиларга ахборот ва телекоммуникация соҳасида, шунингдек, менежмент ва маркетинг йўналишида тажриба алмашиш ҳамда билим олиш имкониятини яратиб бериши айтилмоқда.

– Ucell'нинг Вестминстер университети ривожига қўшаётган ҳиссаси бутун Ўзбекистон ва барча соҳаларда кучли кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган янги – 2021 йил арафасида янги Ucell-лаборатория лойиҳасининг очилиши биз учун янада муҳим аҳамият касб этади”, - дейди очилиш маросимида сўзга чиққан «COSCOM» МЧЖ Бош директори ўринбосари Фарҳод Нурмуҳамедов.

Ucell билан ҳамкорликдаги Лаборатория лойиҳаси телекоммуникациялар соҳасида «профессионаллар фабрикаси»ни яратишга пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. Ҳозирда лаборатория маърузалар, тақдимотлар, тренинг ва семинарлар ҳудуди, мустақил билим олиш ва ўзини ўзи ривожлантириш, шунингдек, креатив фотозона кабиларни ўз ичига олади.

ТХВУ ректори Баҳром Мирқосимовнинг қайд этишича:

– Тошкент халқаро Вестминстер университетининг мақсади – Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ва касбий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро таълим стандартлари ҳамда илмий-тадқиқот имкониятларини таъминлашдан иборат. Янги Ўзбекистон билим бериш ва таълим олишнинг янги методларини талаб этади. Ucell-лаборатория лойиҳаси талабалар ва ўқитувчилар учун янги таълимий, илмий ва инновацион имкониятларни тақдим этади. Бу мобил алоқа тармоқларини бошқариш ва инновацион ечимларни етказиб беришда билим ва кўникмаларни амалий жиҳатдан қўллаш имконини берувчи платформа. Ucell-лаборатория телекоммуникация соҳасида ёш мутахассисларнинг билимини янада мустаҳкамлашга катта ёрдам беради.

Ucell ахборот хизмати

Top