Жуда кўпчилик янги йилда ўз ҳаётини ўзгартиришга қарор қилади ва ўзига ўзи ваъда беради. Зарарли одатларни ташлаш, спорт билан шуғулланиш, маблағ жамғариш, янги бир ишни бошлаш кабилар шулар жумласидан.

Янги йилда – дунё ҳамон коронавирус билан «олишиб» ётган бир паллада ўзингизга қандай ваъда берган бўлишингиздан қатъи назар, уларни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилинг!

1. Кичик одимлар отинг

Ўз олдига аниқ мақсадларни қўйиш муваффақият қозониш имкониятини оширади.

Психотерапевт Рахен Вайнштейннинг фикрича, муаммонинг бир қисми «янги йилда тамоман бошқача одам бўламан» деган хаёл билан ўз олдига улкан мақсадлар қўйишдан келиб чиқади.

Агар ўзингиз учун кичик мақсадларни белгилаб олсангиз, уларга эришгач, кейинги маррага етиш имконини ҳам аниқ кўра оласиз. Масалан, марафонда ғолиб бўлишга ваъда бергандан кўра, бу ишнинг дастлабки одими сифатида спорт пойабзали сотиб олиш ва қисқа масофага югуришни бошлаш кўпроқ фойда бериши мумкин.

Муваффақиятнинг энг асосий сири – катта ўзгаришлардан қочиш эмас, балки мақсадга эришиш учун узоқ вақт давомида реал тарзда олдинга силжиб боришдир.

«Ҳаётдаги улкан ўзгаришлар кичик қадамлар билан бошланади», дейди Вайнштейн.

2. Мақсадни аниқ қўйинг

Ўз олдимизга бирон мақсадни қўяр эканмиз, бу мақсадга қандай эришиш ҳақида ўйлаб кўрмаслигимиз энг кенг тарқалган хатолардан биридир.

Унутманг: қадамларни аниқ тарзда режалаштириш жуда муҳим.

Оксфорд университети профессори Нил Левининг фикрича, «Кўпроқ машқ қиламан» деган мавҳум ваъдадан кўра, «Ҳар сешанба тушдан кейин ва шанба кунлари эрталаб спорт залига бораман» дейиш кўпроқ муваффақиятга элтиши мумкин.

Шу каби аниқ ва эришиш мумкин бўлган мақсадлар сизга нафақат мақсадни, балки унга эришиш йўлларини ҳам кўрсатади.