Kun.uz амалдор сифатидаги фаолияти, ўзбек футболида 2020 йил якунлари ва бошқа мавзулардаги фикрлари билан танишиш учун Равшан Эрматовни суҳбатга таклиф этди.

— Ҳакамликдан кетиб, раҳбар сифатида иш бошлаганингизга ҳам бир неча йил бўлиб қолди, маълум даражада тажриба орттирдингиз. Раҳбарлик фаолиятингиздан шахсан ўзингиз қониқяпсизми?

— Мен жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилган, юқори баҳоларга лойиқ кўрилган, ФИФА мақтовларини эшитиб турган пайтларимда ҳам доим ўзимдан қониқмасдим. Ҳар бир ўйинни соатлаб таҳлил қилиб чиқардим ва ўзимдан ҳеч қачон юз фоиз қониқмаганман.

Ҳозир ўзимни сиз айтгандек тажрибали раҳбар деб ҳисобламайман. Ўрганадиганларим жуда кўп. Спортчи бўлганим учун қайсидир томондан осон туюлаётган жойлари ҳам бор, лекин очиғини айтсам, ҳали ўз ишимдан қониқаётганим йўқ. Спортга озгина бўлса ҳам фойдамиз тегаётганини ҳис қилиш учун ҳаракат қиламиз.

— Спортчиликдан кетиб, амал курсисига бекор ўтирган эканман, дея афсусланган пайтларингиз бўлдими?

— Тўғрисини айтсам, ўзи ҳеч қачон осон бўлмаган. Ҳакамликда ҳам, ўша жаҳон чемпионатларига борганимизда, бизга тайёр йўл-йўриқ кўрсатадиган ҳеч ким бўлмаган. Ҳар кунги меҳнатимиз, таҳлил қилишимиз, ҳакамлик илмини ўрганганимиз натижаларга олиб келган.

Ҳозир қилаётган ишимиз ҳам осон эмас: борингизни бериб ишлашни талаб қилади – биз бунга тайёрмиз, меҳнатдан ҳеч қачон қочмаганмиз. Худо хоҳласа, бу ишларимиз ҳам вақт-соати келиб ўз натижасини беради.

— Тотализаторларга рухсат берилаётгани масаласи. Бунинг ижтимоий томонлари ҳақида қандай фикрдасиз?

— Биз ФИФА, ОФК экспертлари билан футболдаги ҳар бир йўналиш бўйича маслаҳатлашганмиз. Бизда энг орқада қолиб кетаётган йўналишлардан бири – бу маркетинг. Улар бизнинг маркетинг тизимимизни ўрганганларида, жуда салбий фикрлар билдиришди. «Жаҳонда футбол ўзини ўзи таъминлаш тизимига ўтиб бўлди, сизлар ҳали биринчи қадамни ҳам ташламагансизлар», деб ўзларининг маслаҳатларини беришди.

Биз халқаро тажрибани ҳам ўргандик. АПЛнинг деярли 8 клуби асосий ҳомийи – букмекерлик компаниялари. Россия ва Испанияда ҳам деярли шундай. Бу футболга жуда катта маблағ келтиради ва бу пулни сизлар инфратузилмани ривожлантиришга сарфлашинглар мумкин, деб маслаҳат беришди ФИФА ва ОФКдаги маркетологлар.

Албатта, масаланинг ижтимоий томони ҳам бор. Тўғрисини айтсак, бундай ўйинларни интернетда ўйнаётганлар жуда ҳам кўп экан. Буни ҳам таҳлил қилганмиз. Бу – катта пуллар оқими ва бу пуллар Ўзбекистондан чиқиб кетмоқда. Шуни легаллаштириб қўяйлик – ўйнаган ўйнайверади, ўйнамаганни ҳеч ким мажбурламайди.