5 январ куни АКТ вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов иштирокида мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан брифинг ўтказилди.

Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Kun.uz мухбири тадбир якунида вазирлик вакили билан шу мавзу атрофидаги саволлар юзасидан қисқа интервю уюштирди.

— Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган суммалар қандай белгиланган?

— IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш бутун дунё тажрибасида бор ҳолат. Ўзбекистонда мазкур хизмат учун белгиланган тарифлар ҳам дунёдаги амалиётдан келиб чиққан ҳолда Молия, Иқтисодиёт ва Камбағалликни қисқартириш вазирликлари ҳамда бошқа идоралар билан келишилиб, белгиланган.

Аниқлаштириш учун айтиб ўтмоқчиманки, савдо бозорларига олиб кирилаётган мобил алоқа воситаларининг IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш импортёрлар томонидан амалга оширилади. Ушбу қурилмаларни сотиб олаётган фуқаролар эса бирор бир тўловни амалга оширмайди.

АКТ вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов

— Янги тизимга ўтилганидан кейин Ўзбекистондаги кўплаб фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиш, улардан мобил қурилмаларда IMEI кодларини киритишда фойдаланиш ҳолатлари ортди. Бунинг олдини олиш мақсадида IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак бўлган амалиёт белгиланди. Аммо кўряпмизки, бу ҳам тўғри ечим эмас экан. Чунки одамлар ўз мобил қурилмасини кимгадир бериши, совға қилиши ёки умуман бошқа кишининг номидаги сим картадан фойдаланиши мумкин.

— Саволингиз ўринли, ҳақиқатда бу каби ҳолатлар кузатилди. Аммо ҳозир шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги тизим йўлга қўйилди. Унга кўра сиз мобил қурилмангизни ўзингизнинг номингиздаги сим карта билан рўйхатдан ўтказган бўлсангиз, маълумотлар баъзаси бир-бирини текшириб олиши натижасида бошқа бир шахс ўша рақамдан кейинроқ фойдалана олмайди. Фикримча. Номингизда умуман сим карта бўлмаслиги мумкин эмас.