Демократлар ваколати муддати тугашини кутмасдан Трампни президентликдан четлатиш зарурлигини уқтиришмоқда. Улар амалдаги президент ўз лавозим мажбуриятларини бажаришга лаёқатсиз деб ҳисоблашмоқда. Экспертлар ҳам Трампнинг кейинги қадамлари борасида хавотирларини билдиришмоқда.
Трамп импичмент қилиниши ҳақиқатга яқинми?
Вакиллар палатасининг юридик қўмитасидаги демократлар Вазирлар Маҳкамасини зудлик билан Трампни истеъфога чиқаришга чақирмоқда. Назарий жиҳатдан президент импичментининг икки йўли бор.
Биринчи йўл — импичмент. Бу содир бўлиши учун, Вакиллар палатасининг президент ўта оғир жиноят содир этгани ёки қоидабузарликка йўл қўйганига ишончи комил бўлиши керак. Дональд Трамп буни бошдан кечирган, демократлар 2019 йил декабрида уни ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор деб топишганди. Аммо ўшанда республикачилар назоратида бўлган Сенат Трампни оқлаганди.
Импичмент жараёни кўп вақт олади — Вакиллар палатаси қўмиталари текширувлар ўтказиши, далиллар йиғиши, овоз бериши, кейин Сенатда айблов қўйилиши керак. Икки ҳафтада бу ишларга улгуришнинг иложи йўқ.
Шу туфайли демократлар бошқа вариантни таклиф этишмоқда — Америка Конституциясига киритилган 25-тузатиш. Бу тузатиш агар давлат раҳбари ўз вазифаларини бажаришга лаёқатсиз деб топилса, уни президентликдан четлатишга имкон беради. Президент «руҳий касал» бўлганда ҳам шу тузатиш асосида уни четлатиш мумкин.
Бундай ҳолатларда қарорни Вазирлар маҳкамаси қабул қилади. Ҳокимият вақтинчаликка президентдан вице-президентга ўтади. Ҳозирги ҳолатда бундай жараён рўй берса, Байденнинг инаугурациясигача президент вазифаларини Майк Пенс бажарган бўларди.
Пенс президентнинг ҳаракатларини ва Капитолийнинг қамал қилинишини қоралади. У твиттерда Трампни ўқишни тўхтатди, аккаунти фонига Жо Байден ва 20 январдан кейин вице-президент бўладиган Камала Ҳаррис акс этган суратни жойлаштирди.

Америкадаги нашрлар Вазирлар маҳкамаси 25-тузатишни қўллаш масаласини фаол равишда муҳокама қилишга киришгани ҳақида ёзди. Ижтимоий тармоқларда демократлар билан бирга республикачилар ҳам Трампнинг четлатилишини талаб қилишмоқда. CNN шу каби республикачиларнинг айримлари билан гаплашди, улар анонимликни сақлаган ҳолда Трамп «назоратдан чиқиб кетгани» ҳақида гапиришди.
Лондондаги қироллик коллежи политологи Сэм Гриннинг ҳисоблашича, айни вақтда 25-тузатиш қўлланиши ҳақидаги гаплар хаёлий кўринмоқда. «Бу тузатиш руҳий ҳолати мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган президентдан ҳимояланишга қаратилган. Ҳозир эса бутунлай бошқача вазият. Трамп тентакона ишлар қилаётган бўлиши мумкин, аммо унинг ақл-ҳуши жойида. Бу ҳолатда импичмент яхши вариант эди, аммо бу узоқ вақт давом этадиган ва Республикачилар партиясини бўлиб юборувчи жараён. Импичмент ҳолатида республикачилар Трампни қўллаётган электоратга қарши боришга тайёр ёки тайёр эмасликлари бўйича қарор қабул қилишлари керак бўларди», дейди у.



















