Ўзбекистон | 02:18 / 11.01.2021
39574
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қулаган бино ёндош 2 қаватли савдо дўконининг бир қисмини босиб қолгани маълум бўлди

Воқеа гувоҳларига кўра, бино қулаши натижасида 500 метр узоқликдаги фуқароларга ҳам кучли зарб товуши эшитилган. Қулаш натижасида унга туташ бўлган 2 қаватли савдо биносининг бир қисмини босиб қолган. 

Фото: KUN.UZ

Ҳодиса рўй берган кун - 10 январь якшанба бўлгани сабабли бинода савдо қилиш ишлари амалга оширилмаган. 

Воқеа жойига етиб борган Kun.uz мухбирига кўра, айни вақтда вилоят ФВБ, ИИБ, прокуратура ходимлари томонидан воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

«10 январ куни соат 16.37да Мустақиллик кўчасига ёндош ҳудудда жойлашган қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинода конструкциясининг бузилиш ҳодисаси рўй берди. Дарҳол воқеа жойига вилоят ФВБ қутқарув бўлинмаси, бошқа авария бўлимлари ва қутқарув хизмати вакиллари етиб келди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар қайд этилмади», — деди Kun.uz мухбирига Жиззах вилоят ФВБ ахборот хизмати раҳбари, капитан Фаррух Абдураҳмонов.

Воқеа жойида бўлиб турган Жиззах шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникация хўжаликлари бўйича ўринбосари Рустам Ҳасановнинг қўшимча маълумот беришича, бинонинг қолган қисмида қурилиш ишлари давом этиш ё этмаслиги юзасидан вилоятдаги тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилади. Ҳозирда бинонинг қулаган қисмига тўлиқ талафот етган ва унинг фақатгина пойдевор қисмигина сақланиб қолган.

  • 10 январ куни соат 17:00лар атрофида Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчаси бўйида «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг бир қисми қулади.
  • Кўп қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилмоқда.

Мавзуга оид