Андижонда юзага келган носозлик 11 январ куни тўлиқ бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик сув таъминоти 12 январ куни қайта йўлга қўйилади. Намангандаги ҳолат бугун, 11 январ куни, соат 18:00га қадар тўлиқ бартараф этиш режалаштирилган.
"Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 9 январ куни Андижон шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи диаметри 1400 мм бўлган “Хонобод-Андижон” марказий ичимлик сув қувурининг Андижон шаҳри ва Андижон тумани чегарасидаги Жевачи МФЙ ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳози (задвижка) об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида ёрилиб, носозлик юзага келган.
Натижада, Андижон шаҳри, Олтинкўл ва Андижон туманининг 20дан ортиқ МФЙларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Айни пайтда, Жалақудуқ туманида жойлашган “Пахтакор” ер ости сув олиш иншооти орқали Андижон шаҳрида яшовчи аҳолининг 35 фоизи қисман ичимлик суви билан таъминланмоқда.
Бундан ташқари, “Андижон сув таъминоти” МЧЖ ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамкорлигида қўшимча равишда 50 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари ва 150 нафар ишчи ходим жалб этилиб, шаҳарнинг сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига ичимлик суви етказиб бериш ишлари олиб борилмоқда.
Носозликни бартараф этиш учун зарур бўлган барча жиҳоз ва ускуналар тайёр ҳолга келтирилиб, вилоят ҳокими раҳбарлигида ушбу ҳудудда махсус штаб ташкил қилинди. Штаб таркибига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, электр тармоқлари корхонаси, “Ҳудудгазтаъминот”, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, Автомобил йўллари бошқармаси, тиббиёт ва бошқа ташкилотларнинг 120 нафар ходими хамда 15та махсус техника жалб этилди.


Юзага келган носозлик 11 январ куни тўлиқ бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик суви таъминоти 12 январ куни қайта йўлга қўйилиши айтилган.














