14 январ куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзстандарт» агентлигида жорий йилда амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Ҳозирда жорий этилган ташқи савдони нотариф бошқариш тизими халқаро андоза ва стандартларга жавоб бермаслиги ҳукумат томонидан танқид қилинди. Бу борада фаолиятимизнинг 8та устувор йўналиши белгиланди», – деди «Ўзстандарт» агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Жавлон Каттахўжаев.
Маълум қилинишича, ўзгаришлар қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши айтиб ўтилди:
1. Синов лабораторияларини халқаро андозага етказиш мақсадида, ўлчов тизимларини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2,1 миллион долларга 3та янги газ шаклидаги моддаларнинг ҳажми ва сарфи, товуш босими, ёруғлик кучи ва фойдаланилаётган эталонларни тўлдирувчи мосламалари харид қилиниши ҳамда ишга туширилиши кутилмоқда.
2. Озиқ-овқат, металл, электротехника, полимет кимё, тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотларини синаш лабораториялари замонавий халқаро стандартларга асосан яратилади ва мавжудлари модернизация қилинади.
3. Маҳаллий ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг хорижий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш мақсадида, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда, Европада қўлланиладиган ёрлиқлаш тизими 20дан зиёд ташкилотда жорий қилиниши режалаштирилган.
4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан кўрсатилган ёрдам билан Жаҳон савдо ташкилотининг техник тўсиқлар бўйича келишувига асосан, стандартларни қўллаш бўйича янги қонун лойиҳаси тайёрланган ва қонун 2021 йилда Олий Мажлисга тақдим қилинади.
5. Жорий йилда Халқаро аккредитация форумига аъзо бўлиш учун чоралар кўрилади.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 7 минг гектардан зиёд ер майдонда Global GAP ва органик тизимларни жорий қилиш ишлари олиб борилади.
7. Жаҳон савдо ташкилотининг техник тўсиқлар ҳақидаги нормаларига асосан 2та қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган.
8. Евросиё иқтисодий иттифоқида жорий этилган талаблар, қоидалар ва нормаларни иқтисодиётга жорий қилиш, саноат маҳсулотларини ушбу бозорга тайёрлаш мақсадида 50та техник регламент амалиётга киритилган ва янги киритиладиган техник регламентлар Евросиё иқтисодий иттифоқи нормаларига уйғунлаштирилиши айтилди.










