ДТМ тест саволлари тузилишидан, уларни чоп этиш, имтиҳонни ташкил қилиш ва натижалар эълон қилингунга қадар давом этадиган узоқ ва мураккаб жараён ҳақида маълумот бериш мақсадида ОAВ вакиллари учун ўзига хос пресс-тур ташкил этди.
Тест китоблари қандай тайёрланади?
Дастлаб давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар рўйхати шакллантирилади. Сўнг мутахассислар иштирокида фан мазмуни таркиби муҳокама қилинади ва кенгашда тасдиқланади. Турли фанлар бўйича мутахассислар тест топшириқларини ишлаб чиқади ва тестлар апробацияси (синови) ўтказилади. Сўнг натижалар таҳлил қилиниб, айнан шу таҳлилларга асосланиб, имтиҳон саволлари тузилади. Улар бир неча босқичли экспертизадан ўтказилгач, саволлар базаси шакллантирилади. 26 кишидан иборат экспертлар гуруҳи саволларни текширади.


ДТМ бошқарма бошлиғи Умид Дўстназаровнинг айтишича, тест тузиш жараёнида таълим муассасалари ўқувчиларни қандай стандарт ва адабиётлар асосида ўқитаётгани аниқлаштирилади ва шулардан келиб чиқиб, тест тузилади. Тест китоблари шакллантириладиган бинода компютерларнинг бирортаси интернетга уланмаган. Кириб-чиқишда ҳам ҳеч қандай телефон, ахборотни олиб чиқишга имкон берадиган қурилмага рухсат этилмаган.
«Тестлар тарқалмаслиги учун шу нуқтагача, яъни инсоннинг виждонигача бўлган жараённи назорат қиламиз. 198 минг тест тузилади ва уларни хотирада сақлаб қолиш ҳам қийин, албатта. Бу ёғи уларнинг (тест тузувчиларнинг) виждонига боғлиқ масала», дейди Умид Дўстназаров. Унинг айтишича, бирор марта ДТМ ходими саволларни бинодан олиб чиқиши ҳолати кузатилмаган. Саволларни тузадиган мутахассислар фақат ДТМда ишлайди.

Тестлар тузилгач, апробация бўлади. Яъни, улар амалда синаб кўрилади. Бирор савол жуда қийин ёки жуда осон бўлса, у қайта ишланади. Шунингдек, синовларда деярли танланмаган вариантлар алмаштирилади. Бир сўз билан айтганда, абитуриентлар учун тестларнинг қийинлик даражаси текширилади.
Тест китобларини чиқарадиган техникалар муҳрланган






















