2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Давлат дастурида солиқ ислоҳотларини амалиётга самарали жорий этиш, солиқ маъмуриятчилигини шаффоф йўлга қўйиш, солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш мақсадида 7та таклиф илгари сурилган.
1. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш.
Жорий йил давомида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги томонидан электрон ҳисобварақ-фактураларнинг тўлиқ жорий этилишини таъминлаш, шунингдек, рақамли маркировкани жорий этиш кутилмоқда. Шунингдек, товар-моддий захираларни ва товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун электрон шартномалар (ишончномалар) алмашинувини жорий этиш назарда тутилади.
2. ДСҚ ахборот тизимлари комплексининг халқаро стандартлар асосида ягона платформасини ишлаб чиқиш.
2021 йилнинг ноябр ойига қадар, тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбуриятларни бажаришни енгиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш таклиф этилмоқда. Тегишли ваколатли вазирликлар томонидан солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштиришда фойдаланиладиган ахборот тизимлари комплексининг ягона платформасини яратиш вазифаси бажаралиши керак. Шунингдек, маълумотларни визуализация қилиш тизимларини жорий этиш ҳамда ахборот тизимларини стандартлаштириш назарда тутилади.
3. Солиқ аудитининг ҳар бир қадамини автомат тарзда қайд этиб борадиган ва унинг ижросини назорат қиладиган тизимларни (Case Management System) (Case Assesment System) яратиш.
2021 йил ноябрга қадар, солиқ тўловчиларни сегментлаш, хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, инсон омилини тўлиқ бартараф этган ҳолда, солиқ назоратини амалга ошириш имкониятини яратиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, жамоатчилик назорати остида назорат тадбирларини амалга ошириш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги шаффофлигини таъминлаш белгиланмоқда.
















