Ўзбекистон | 17:59 / 19.01.2021
19293
3 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси Ўзбекистон бўйича пенсия ва нафақа олувчилар сонини маълум қилди

2020 йилда 333 минг янги пенсия ва нафақа олувчилар пайдо бўлди. Ўтган мос даврга нисбатан пенсия ва нафақа олувчилар 4 фоизга ошган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга олинган пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 824 минг нафар, яъни аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилмоқда.

Таъкидланишича, айни пайтда пенсия ва нафақа олувчиларнинг сони 2020 йил 1 январ ҳолатига нисбатан 147,2 минг нафар ёки 4 фоизга кўпайган.

Шундан, 2 миллион 849 минг нафари (74,3 фоизи)ни ёшга доир пенсия, 386,5 минг нафари (10,1 фоизи)ни ногиронлик пенсия, 189,1 минг нафари (5,0 фоизи)ни боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар ва 400,3 минг нафари (10,6 фоизи)ни нафақа олувчилар ташкил қилди.

2021 йил 1 январь ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони тўғрисида маълумот

Пенсия жамғармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, 400 мингдан ортиқ нафақа олувчилар кесимида ёшга доир нафақа 37,2 минг шахсга, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандли оналарнинг 5,2 минг нафарига, иш стажи бўлмаган 1-2 гуруҳ имконияти чекланган 37,4 минг шахсга ҳақ тўланмоқда. Шунингдек, боқувчисини йўқотган 35 минг оилага, 16 ёшгача бўлган имконияти чекланган 117 минг бола ҳамда 16 ёшдан катта 1-2 гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган 167 минг шахсга нафақа тўланмоқда.

2020 йилда 333 минг 450 нафар фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланган.

Пенсия жамғармасининг 2020 йил учун даромадлар режаси 20 триллион 134 миллиард сўм бўлиб, ижроси 20 триллион 592 миллиард сўмни (шундан, солиқлардан ташқари тушумлар миқдори 176,2 миллиард сўмни) ташкил этган.

Маълумот учун, нафақа — муҳтож одамларга давлат, корхона, муассаса ва айрим шахслар томонидан бериладиган ёрдам пули.

Ўзбекистон Республикасида меҳнат стажига кўра бериладиган пенсиядан фарқли ҳолда нафақалар давлат томонидан, асосан, болаликдан ногирон, ёлғиз қария ва ёлғиз ногиронларга, меҳнатга вақтинчалик қобилиятсизларга, ҳомиладор ва туғган аёлларга, 3 ёшгача бўлган болалари тарбияси билан банд бўлган аёлларга, ишсизлар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга берилади. 

Мавзуга оид