Президент мутасаддиларга бир ой муддатда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чораларини кўриш вазифасини юклаган.

«Ҳеч кимга сир эмас, маънавият тарғиботчиси бўлиш кишидан катта билим ва салоҳият, маҳорат ва тинимсиз ақлий меҳнатни талаб этади. Лекин биз кўп йиллар маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга етарли эътибор қаратмадик. Энди ана шу муаммони ҳал этиш вақти келди.

Бунинг учун жорий йилдан Маънавият ва маърифат республика кенгашига қарашли даврий нашрлар ижодий ходимларининг ойлик маошларини ошириш керак. Молия вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази бир ой муддатда ушбу масала бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Шунингдек, хусусийлаштиришга қўйилган «Маънавият» нашриётини марказ тасарруфига ўтказиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур. Марказ билан ҳамкорликда барча корхона ва ташкилотларда аниқ режа асосида «Маърифат соати»ни ўтказиш йўлга қўйилади.

«Маърифат соати»га кимлар жалб қилинади? Кимлар жойларга бориб маъруза қилади? Уларни ким кутиб олади, қаерда, қанча учрашув бўлади? Маърузачилар учун зарур тарқатма материаллар, буклет, аудио ва видео материалларни ким тайёрлайди? Вазирлар Маҳкамаси ва марказ маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ана шу масалалар ечими бўйича аниқ таклиф киритсин», деган давлат раҳбари.

Президент узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.

«Тарбияда танаффус бўлмайди, деймиз. Лекин, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда бу қоидага амал қилинмаяпти. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – ҳар бири алоҳида иш олиб боряпти.  

Шунинг учун маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, унда ҳар бир масъул идоранинг вазифаси ва биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирларини аниқ белгилаб қўйиш зарур.

Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида жажжи фарзандларимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида Марказ Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда маънавий-тарбиявий ишлар тизимини яратиши керак.

Бунда, айниқса, хусусий ва давлат-шериклик асосидаги боғчаларга маънавий ва методик ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашлари бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак. Шу мақсадда, Кенгаш аъзоларини ҳар бир мактабгача таълим ташкилотига доимий бириктириб, масъулиятини белгилаб қўйиш зарур», деган президент.

Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигига яна бир бор тўхталган.