Умиджон Ортиқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда таклифининг мазмуни ҳақида сўзлаб берди.

«Президент билан учрашувга қадар, таклифимни рад этиб келишган»

— Тошкент давлат ахборот технологиялари университетини тамомлаганман. Ҳозирда Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда информатика фанидан дарс бераман. Шунингдек, веб-сайтлар ясаш, лого-брендинг ва SMM-постерлар, дизайн маҳсулотлари ясаш, Android дастурларини ишлаб чиқиш ва Play Market'га жойлаб бериш билан шуғулланаман.

Иш жараёнида имконияти чекланганлар мактабларига бориб турардик. Шулардан бири 101-сонли кар ва соқовлар мактаб-интернати бўлган. Борганимизда уларнинг қизиқишларини ўрганганмиз. Аллоҳ уларни нимадир томондан қисгани билан бошқа жиҳатдан устунликлари бор. Мен ўзим пайқаган нарса – улардаги ижодкорлик туйғусининг юқорилиги эди.

Кейинчалик дўстларим билан келишиб, эшитиш ва гапиришда нуқсони бор укаларимизга IT-дизайн соҳасини ўргатишни мақсад қилдик. Лойиҳани Uzbek Compass деб номладик.

Президентимиз билан учрашувда шу ҳақда гапирдим ва менга имконият берилди. Бунгача лойиҳа рад этиб келинарди. Балки, айб ўзимда бўлгандир, тушунтириб беролмагандирман, деб ўйлайман.

«Лойиҳадан мақсад – кар ва соқовлар жамиятга ҳисса қўшишига имкон яратиш, масофадан даромад топишга йўналтириш»

— Биз бу лойиҳа орқали кар ва соқовларни дизайн йўналишларига ўргатиб, уларни ҳам масофадан даромад топишга йўналтирмоқчимиз. Асосий мақсад - эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган кишиларга жамиятга ўз ҳиссасини қўшишига имкон яратиш.

Улар ҳам жамиятга ҳисса қўшишни хоҳлайди. Бунинг учун эса ўртадаги тўсиқни олиб ташлаш керак.

Бунинг учун, аввало, уларнинг компьютер саводхонлиги оширилади. Биз бунда сурдо таржимонлар хизматидан ҳам фойдаланамиз. Кейин эса юқори синфларда график дизайнни ўргатиб, улар орқали бир-бирига ўргатиш усули билан бошқа ёшларда қўллаймиз.

Биз уларни 3 ойдан 6 ойгача ўқитамиз, бу даврда улар фотошоп, иллюстратор каби дастурларда ишлашни ўрганади. Муддат узоқ қўйилишига яна бир сабаб – IT'да 45 киши ўқишни бошлаши мумкин, лекин охирида 5–6 нафар ҳақиқатда қизиқадиган одам қолиши ҳам бор гап.

Фрилансерликнинг қулай тарафи – буюртмачининг ҳам, ишни бажарувчининг ҳам вақти тежалади, бирор нарсага буюртма бериш учун масофага вақт сарфлаб келиб-кетиши шарт эмас, онлайн тарзда буюртма бериши мумкин.