- Айни пайтда пойтахт аҳолисига давлат томонидан кафолатланган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий хизмат бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи муассасаларда, жумладан, оилавий ва марказий кўп тармоқли поликлиникалар ҳамда барча диспансерларнинг амбулатория хизмати томонидан кўрсатилмоқда. Шу пайтгача стационар шароитда беморлар учун давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ижтимоий, юқумли касалликлари бўлган, оналик ва болалик йўналиши ҳамда шошилинч тиббий ёрдам талаб этиладиган барча ҳолатларда кўрсатилган. Шу билан бирга, республика тасарруфидаги тиббиёт муассасалари (клиник шифохоналар ва илмий-амалий тиббиёт марказлари) ҳамда шаҳар клиник шифохоналари томонидан фақатгина имтиёзга эга бўлган аҳоли қатламига бепул тиббий хизмат кўрсатилган. Аммо аҳолининг имтиёзга эга бўлмаган қатлами (18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар) учун режали равишда стационар шароитида ихтисослашган тиббий ёрдам олиш учун шароит яратилмаган эди. Ушбу фуқароларнинг аксарияти режали стационар шароитида даволаниш учун тиббиёт муассасаларининг пуллик хизмат бўлимларига мурожаат қилишига тўғри келган. Эндиликда бу ҳолатларга барҳам берилди.
Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан жорий қилинган янги тизимга кўра, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги барча тиббий муассасалар (1-, 2-, 3-, 4-, 5-, 6-, 7-сон шаҳар клиник шифохоналари, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифохонаси, шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тери-таносил касалликлари диспансери ҳамда бошқарма тасарруфидаги барча туғруқ комплекслари) ордер тизимига ўтказилди.
Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари - Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов ССВ матбуот хизматининг бу ўзгариш бўйича саволларига жавоб берган. Хусусан, даволаниш учун харажатлар қандай таъминланишига ойдинлик киритилган.

«Ҳар бир ордернинг ортида ўртача 2,5-3 миллион сўм харажат ётибди. Биз шаҳар тиббиёт муассасалари миқёсида ойига 5 мингдан ортиқ шундай ордерлар ажратдик ва стационар муассасаларга тақсимладик.
Шундай қилиб, йил давомида илк бор имтиёзга эга бўлмаган 60 минг нафардан ортиқ фуқаро бюджет маблағлари ҳисобидан кафолатланган режали стационар даволанишга эришилади. Ушбу ўринлар сони эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, структуравий ўзгаришлар асосида ўрин жойларни ва керакли бўлимларни кенгайтириш имкониятига эга. Шунингдек, амалга оширилган ишлар натижасида Республика муассасаларига бўлган мурожаатлар кескин камайишига эришилади», дея Анвар Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.















