Декабрь ойи сўнгида пойтахт мактабларидан 700 га яқин 2-10 синф ўқувчилари Al-Beruniy International School томонидан ўтказилган математика ва мантиқий фикрлаш бўйича олимпиадада иштирок этдилар. Ушбу олимпиадани кундалик тоифадаги тадбирлардан икки муҳим жиҳат ажратиб турди:

- 35 миллион сўм миқдоридаги мукофот стипендияси: унга энг яхши натижаларга эришган 37 нафар ўқувчи муносиб деб топилди;

- олимпиадада ўқувчилар билими мамлакатимиз учун янги бўлган PISA дастури (ўқувчилар билими баҳолашнинг халқаро дастури) методологияси асосида баҳоланди;

Маълумки, дунёда илк бор PISA синовлари 2000 йилда ўтказилиб, унда 30 та мамлакат қатнашган. Ҳозирда бу жараёнга 80 та давлат қўшилган. Ўзбекистонда халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мамлакатнинг таълим сифатини ва ўқувчилар билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар (PISA, TIMSS, PIRLS ва б.) ва тадқиқотларда мунтазам қатнашишини назарда тутади. Ушбу йўналишдаги дастлабки қадамлардан бири Al-Beruniy International School томонидан ташланди. Бу ерда ўтказилган олимпиада доирасида PISA ғояларига асосланган услубий ёндашувдан фойдаланган ҳолда ўқувчилар билими синовдан ўтказилди ҳамда мазкур методология умуман, мактаб ўқув жараёни ва билим сифатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш усули сифатида қабул қилинди.

- Сир эмаски, замонавий дунёда ҳар қайси мамлакат тараққиётининг бош омили таълим сифати ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиз таълим даргоҳларида билимларни етказишда янги ўқитиш усуллари, технологиялар ва воситалардан фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Айни вақтда илғор жаҳон тажрибасида ўқувчиларни нафақат тўпланган маълумотлардан фойдаланишга ўргатиш, балки уларда эгилувчан ва мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш масаласи марказий ўринга қўйилмоқда, - дейди Пўлат Эргашев, психология фанлари доктори, Al-Beruniy International School таълим-тарбия жараёнлари психологик таъминоти бўлими бошлиғи.