Спорт | 08:41 / 24.01.2021
2615
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон талабалари ассоциацияси фаолият бошлади

Уюшма Самарқанд давлат университети ҳузурида ташкил этилган.

Бир гуруҳ самарқандлик талабалар декабрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар форумида Ўзбекистон талабалари ассоциациясини ташкил этиш ва шу орқали «Самарқанд тажрибаси»ни яратишни таклиф қилган эди. Таклифни президент Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлаганди.

Куни кеча Самарқанд давлат университетида ассоциациянинг таъсис форуми бўлиб ўтди.

«Ассоциацияни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимиз – ОТМлари талабаларини қизиқиш ва эҳтиёжларига қараб, жамоатчилик бошқаруви асосида бирлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юксак маърифатли, билимдон мутахассислар бўлиб етишишлари йўлида қўллаб-қувватлашдан иборат», – дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида.

Онлайн-мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ОТМлардан ташқари Осиё университетлари ассоциацияси, Халқаро ипак йўлида жойлашган университетлар ассоциацияси, Евроосиё университетлари ассоциацияси вакиллари, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Нидерландия, Россия, Ҳиндистон, Афғонистон, Исроил, Туркия, Беларусь, Венгрия каби давлатларнинг талаба-ёшлари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ю. Абсоатов, СамДУ ректори Рустам Халмуродов ва бошқалар Талабалар ассоциацияси ташкил этилгани билан Ўзбекистон ёшларини қутлаб, унинг фаолиятига омад тилади.

Форумда Ўзбекистон талабалар Ассоциациясини ташкил этиш масаласи онлайн сўровнома орқали овозга қўйилди. Унда иштирок этганларнинг деярли барчаси Самарқанд давлат университети ҳузурида Ўзбекистон Талабалар ассоциациясини ташкил этишни ёқлаб овоз берди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид