Kun.uz шу ва бошқа саволлар билан болалар психологи Розалия Габдулҳаковага мурожаат қилди.

— 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, гаджетлардан кўп фойдаланадиган болалар ўз тенгдошларидан 2–3 ёшга орқада қолиши, 9–10 ёшли болаларда бир кунда 3 соатдан кўп гаджетлардан фойдаланиш қандли диабет, семириш каби касалликларга олиб келиши, 15–16 ёш ўсмирларда суякларнинг мўртлашишига олиб келиши аниқланган. Кунига 7 соатини шунга сарфлайдиган болалар эса тушкунликка мойил бўлишади.

Буларни эшитгач, болани бутунлай гаджетлардан маҳрум қилиш ҳам тўғри бўлмайди, чунки замон талаби шундай. Болага ундан тўғри ва унумли фойдаланишни ўргатишимиз керак.

Бола гаджетга ўрганиб қолишидан асраш учун ота-она шахсий намуна бўлиши керак. Бола эшитганини эмас, кўрганини қилади. Оталар гаджетлар билан, оналар инстаграм ёки фейсбук, сериаллар билан банд бўлиб, болани бундан чеклаш батамом фойдасиз.

Болалар билан руҳан яқинлашиш керак. Ота-она жисмонан унинг ёнида бўлса-ю, хаёли телефонда ёки бошқа нарсада бўлса, бола уларни йўқдай ҳис қилади.

Бола нега ёлғон гапиради?

Болалар психологи Розалия Габдулҳакова

— Ёлғоннинг илдизида қўрқув ётади. Боланинг ёлғон гапириши – ота-она тарбияда жуда ҳам қаттиққўл эканидан далолат.

Ўсмирлик ёшида ҳам бола кўп ёлғон гапириши мумкин, чунки афсуски, кўп ота-оналар ўз болаларини қабул қила олмайди. Ота-онасининг тақиқлари ортидан ўсмирлар ёлғон гапиришга мажбур бўлишади.

«Истамайман, емайман, бормайман». Бола нега инжиқланади?

— Боладан нимадир қилиш ёки ниманидир қилмаслик сўралганида, у инжиқлик қилса, аввало ота-она ўзи учун аниқлик киритиб олиши керак: мақсади шунчаки боласига ўз айтганини қилдиришми ёки ҳақиқатан ҳам бола учун фойдали нарсани талаб қиляптими?

Боғча ёшини гапирадиган бўлсак, болаларда 3 ёш кризиси бор. Бунда бола ўз хоҳишлари ота-онасининг хоҳишларидан фарқланишини тушуниб етади ва ўз хоҳишларини ифодалай бошлайди. Бу пайтда ҳатто у хоҳлаган нарсани таклиф қилсангиз ҳам, рад этиши мумкин. Бу давр 2,5 ёшдан 4,5 ёшгача давом этиши мумкин.