Каттақўрғон шаҳрида 16 ёшли мактаб ўқувчиси П.Э.га нисбатан жинсий тажовуз қилингани ҳақида таҳририятга мурожаат келиб тушди. Олинган маълумотлар эса вояга етмаган қизга нисбатан ноинсоний тарзда тажовуз қилинганини кўрсатмоқда. Айни вақтдаги яна бир аянчли ҳақиқат шуки, қиз 10 январдан бери йўқ. Топилмаяпти...

Ўз бошига тушган бундай мудҳиш воқеалардан сўнг П.Э. сўнгги кунларда қаттиқ изтиробда бўлганини яқинлари таъкидлашмоқда. Бундай руҳий ҳолатда бўлган қизнинг йўқолиб қолгани яна ҳам хавотирга сабаб бўлмоқда. У ҳеч кимга айтмасдан қаергадир кетиб қолганми? Кимдир ўғирлаганми? Ўзи ёки кимлардир унинг жонига қасд қилганми? Ҳозирча на бизда, на ҳуқуқ-тартибот идораларида унинг айни тақдири ҳақида тайинли жавоб йўқ.
Экспертиза хулосалари 2020 йилнинг 28 декабрида қизнинг номуси топталганини кўрсатмоқда. Яқинларининг айтишича, шундоқ ҳам руҳий изтиробда бўлган ўсмир яна бир неча кун ўтиб иккинчи марта жинсий зўравонликка учраган.
Қиз шундан сўнг уйидагиларга, ички ишлар органлари вакилларига воқеани батафсил сўзлаб берган. Шулар асосида мазкур воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Айни вақтда Самарқанд вилоят ИИБ тергов бошқармаси вакиллари жиноятга қўл урганлар шубҳасиз қонун олдида жавоб беришини маълум қилмоқда. Қизнинг яқинлари эса орган ходимларига эътирози борлигини билдиряпти. Kun.uz ҳолат бўйича қизнинг яқинлари фикри, ИИБ ва прокуратура органларининг изоҳини олди.
Қизнинг онаси ҳамда бошқа қариндошларининг маълум қилишича, 2020 йил 28 декабр куни П. фан тўгарагидан қайтишда И.С. бошқарувидаги «Матиз» машинасига ўтирган. И.С. қизни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан.
П.Э. абгор, асабий ва тушкун ҳолатда уйга қайтган. Аммо уйдагилари томонидан қанча сўроқ қилинмасин, саволларга жавоб бермаган. Шу тарзда бир неча кун ўтиб, 2021 йил 1 январ куни у йўқолиб қолган. Оиланинг барча қариндошлари қидиришга тушган. Қизнинг қўл телефонидаги маълумотлар олиниб текширилганда, ўша куни у бир рақам эгаси билан тўрт марта гаплашгани маълум бўлган. Қариндошлар 2 январ куни ўша рақам эгаси И.С. исмли шахс эканини аниқлашган. Шундан сўнг И.С. билан учрашганда у қизни топиб беришга бир соат вақт сўраган. Бир соат ичида қиз унга қўнғироқ қилишини ишонч билан айтган. Ҳақиқатан ҳам бир соат ўтиб қиз топилган.












