Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини эълон қилди.
Лойиҳа қуйи палатанинг 25 январь кунги йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Ўзгаришларга асосан, сайловлар ва референдумлар декабрдан октябрь ойига кўчирилиши кутилмоқда.
Расмий релизда изоҳланишича, ҳозирда президентлик ва депутатликка сайловлар уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
«Бу эса сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади. Шу боис, қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда», – дейилади расмий ахборотда.
Таъкидланишича, сайловлар октябрда ўтказилса, жараёндан кейин «олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яралади».
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида қуйидагилар ҳам таклиф этилмоқда:
- сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддатини 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш (расмий изоҳга кўра, бундан мақсад – сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш);
- депутатликка сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш;
- сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурслари (мансаб ваколати, давлатга қарашли бинолар)дан фойдаланишни чеклаш;
- сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланадиган шахслар тоифаларини белгилаш;
- хориждаги Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш;
- чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш;
- халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институтини тугатиш ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш;

















