Бу майли, энг қизиғи, аввалги турда «Юнайтед» билан ўйин (0:0) студиясида иштирок этган, «Ливерпуль» мухлиси бўлган рус шарҳловчиси тинмай Диегу Жотанинг йўқлиги гапиргани бўлди. Янаям ажабланарлиси, мен учун ҳам бу анча мантиқли фараз кўринди – қаранг, дунёни титратган Фирмино – Салоҳ – Мане туриб, «нега сотиб олинди экан?» деб ҳайрон қолганимиз Жота ҳақида бўляпти бу гаплар.

Аксарият муваффақиятли мураббийлар трансфер бозорида тизимли ишлашни маъқул кўришади. Масалан, Жозе Моуриньо. Келибоқ, ўзи қурмоқчи бўлган таркибни пишитиб олади ва аста-секинлик билан бўш ўринларни тўлдиради. Жозе жамоа учун таянч яримҳимоячиси керак бўлса, бозордан айнан мана шу амплуадаги савияли футболчи қидиради. Агар биринчи танлов – юлдуз сотиб олинса, яхши, мабодо ўхшамаса, бюджет варианти ҳам қониқтиради, хуллас, ўша бўш турган нуқтани тўлдириши керак. Кейин айтайлик, иккинчи ҳужумчи, яна бир марказий ҳимоячи ва ҳоказо. Оқибатда, 12-14 футболчидан иборат асосий таркиб ташкил топади. Кучли ва совриндор жамоа тузиш учун энг қисқа йўл, аммо кейинчалик муаммолар юзага келиши табиий. Бу тамойил асосида бир клубда узоқ муддат ишлашнинг иложи қийин.

Юрген Клопп ўз фаолияти давомида илк маротаба мана шу йўлдан борди. Майнц ёки Дортмундда бунинг иложи йўқ эди, чунки ҳар йили етакчи футболчилар билан хайрлашишга мажбур бўлинар, бундай шароитларда ҳатто 2-3 йиллик режа қилиш имконсиз. Шаҳин, Кагава, Гётце, Левандовски – ҳар йили «Боруссия» бир юлдузини топ клубларга кузатар эди.

 Ливерпулда бундай муаммо йўқ, Клопп аста-секинлик билан мукаммал жамоасини тузиб борди. Ҳатто Коутиньонинг сотилиши ҳам Юргеннинг режаларига у қадар ҳалақит қилмас, гоҳида муваффақиятли скаутинг (Трент, Робертсон), гоҳида қимматбаҳо мақсадлар (Ван Дейк, Кейта, Алисон), гоҳ кутилмаган нишон (Салоҳ) якунда пазлни ажойиб картинага айлантирди. Дарвозада Алисон, ҳимояда Трент, Робертсон, Ван Дейк ва кимдир, яримҳимояда Ҳендерсон, Вейналдум ва яна кимдир, ҳужумда Фирмино, Салоҳ ва Мане. Кимдирлар ўрнида Матип, Гомис, Кейта, Фабиньо – мана сизга 13 футболчидан иборат супертаркиб.

Бу таркиб билан «Ливерпуль» шу даражада чўққига чиқдики, бир тизимли машинага айланди, ҳар бир футболчи эса, бир алмаштириб бўлмас мурват. Улар алоҳида олганда ҳам яхши футболчи бўлиб қолаверадилар, аммо айнан биргаликда юлдузга айланадилар, мана шу тизимнинг ичида. Трент ҳам, Фирмино ва ҳатто Салоҳ ҳам миллий жамоаларда, бошқа шериклар билан бу қадар самарали бўла олишмаган. Табиийки, бу ҳолат қайсидир маънода салбий таъсирини ҳам кўрсата бошлайди.

Биринчидан. Яқинда бир ерда ўқиб қолдим, «Барселона»нинг Мессига ёки «МЮ»нинг Фернандешга боғлиқлиги ҳақида айтамиз-ку, лекин тизимли жамоаларда ҳам муаммо каттароқ. Хўп, Месси ёки Фернандеш жароҳат олса, жамоа кучсизланиб қолади, лекин «Ливерпуль»да бундай футболчилар бир эмас саккизта, тасаввур қиляпсизми? Яъни жароҳатлар туфайли ўйинга путур етиш эҳтимоли саккиз баробар кўп – Ван Дейк жароҳат оладими, Манеми ёки Фирмино, фарқи йўқ, «Ливерпуль» олдингидан икки баробар кучсизланиб қолаверади. Яқинда «Юнайтед» «Лидс»ни 6:2 ютгач, таркибда 9 та ўзгариш қилди ва «Эвертон»ни 2:0 енгди. Қизиғи, 9 футболчи алмашгани билинмади ҳам, чунки, Магуайр ва Бруно майдонда қолганди. «Юнайтед»да муаммо пайдо бўлиши учун, ё Бруно ёки Магуайр, ё Рэшфорд жароҳат олиши керак, «Ливерпуль»да эса, бундай ўйинчилар саккиз нафар. Месси, Де Брюйне ёки Бруно ҳар қанча ҳал қилувчи бўлишмасин, «Ливерпуль» каби машиналардаги «риск» янада каттароқ, тушуняпсизми?