Таниқли инсайдер Фабрицио Романо музокаралардаги ҳал қилувчи ролни лондонликлар бош мураббийи Микел Артетанинг қўнғироғи ҳал қилгани ҳақида ёзган. The Times маълумотига кўра, «канонирлар» ушбу норвегиялик футболчининг ярим йиллик ижараси учун 2,5 миллион фунт стерлинг тўлайди. 

Эдегор ким?
Эдегор 15 ёшидаёқ Норвегия чемпионатида илк ўйинини ўтказиб, тилга тушганди. Дебют аввалроқ ҳам рўй бериши мумкин эди, аммо лига регламенти бунга йўл қўймаган. Ўша ёшда у Норвегия миллий терма жамоасида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлганди. 16 ёшида у мадридликлар клуби сафига бу ёшдаги футболчилар учун рекорд нархда - 3 млн евро эвазига келиб қўшилган ҳамда «Реал» тарихида ҳам энг ёш дебютант бўлганди. Демак, у 22 ёшда бўлса-да, «Арсенал»га тажрибали футболчи сифатида келмоқда 

Эдегорнинг «Арсенал»га келиши клуб Ўзилдан қутулиши билан рўй бермоқда. Германиялик яримҳимоячи Англия чемпионатининг бу мавсуми учун заявка ҳам қилинмаганди. Артета ўтган мавсумда ундан фойдаланишга ҳаракат қилган, аммо футболчининг клуб раҳбарияти билан муаммолари унга аввалгидек ўйнаб кетиш имконини бермаганди. Мураббийга у каби футболчи барибир керак бўлди.

«Арсенал»да бу мавсумда плеймейкер етишмаслиги туфайли ҳужум чизиғида, айниқса мавсум стартида жиддий муаммолар юзага келди. Бир ярим ой муқаддам «Арсенал» урилган голлар сони бўйича лиганинг 16-жамоаси эди, аммо ҳозирга келиб вазият бироз ўнгланган. Берилган зарбалар сони бўйича – 11-ўрин, аниқ зарбалар сони бўйича – 13-ўрин. Бу ғариб натижалар юқори савияли ҳужумчилар – Обамеянг, Ляказетт, Виллиан, Пепе ва бошқалар жамланган ҳолатда қайд этилган.

Эдегор ҳақида нималар дейишмоқда?
TalkSport эксперти Арнольд Кларкнинг ҳисоблашича, айнан Эдегор вазиятни ўнглаши ва жамоада Ўзил қилиши керак бўлган ишни қилиши мумкин: «У [Эдегор] — Месут Ўзил типидаги футболчи, плеймейкер, «ўнлик». У Обамеянг ва Ляказеттни аниқ паслар билан таъминлаб туриши мумкин». 

Норвегиялик футболчининг «Витесс»даги статистикаси ҳам шундан далолат беради. 2018-19 йилларда нидерландлар клубида ўтказилган ижара мавсумида у 9 гол уриб, 13 голли узатма муаллифи бўлган, ҳар ўйинда ўртача 3,5 марта ҳал қилувчи узатма берганди. Кейинги мавсумни «Реал Сосьедад»да ўтказган футболчи жамоа етакчиларидан бирига айланди, голлар ва голли узатмаларни ҳам тўхтатмади: 4 гол, 5 ассист ва ҳар ўйинда ўртача икки марта ҳал қилувчи узатма. «Арсенал» таркибида бугунги кунда фақат Смит-Роу шу каби фойдали ҳаракат қилаётганди, аммо бу мавсумда АПЛ ўйинларида 6 марта майдонга чиққан ёш футболчи жароҳат олиб сафдан чиқди.