Жамият | 18:37 / 30.01.2021
121441
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми қайд этилди 

Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк бор қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевга асосланиб ССВ матбуот хизмати хабар берди.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, янги штамм 2021 йилнинг 23 январ куни БААдан Тошкентга оила аъзолари билан қайтган 10 ёшли қизда аниқланган. 

Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда мусбат натижа қайд этилган. Шундан сўнг бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилган ва унга касалликнинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилган. 

«SARS-CoV-2 вируси геномини ўрганиш учун Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига юқумли касалликлар шифохонасидан ПЗР усулида олинган 33та мусбат натижали томоқ-бурун намунаси «британча штамм»ни аниқлаш мақсадида юборилганди. Ушбу намуналар ПЗР скрининги орқали биринчи босқич текширувидан ўтказилган. Натижада, улар орасида мутацияга учраган намуналар ҳам аниқланган. Куни кеча иккинчи тест босқичида мутация аниқланган намуналардан бирининг геном қисмларида «британча  штамм»га хос бўлган қўшимча мутация мавжудлиги тасдиқланган. Бу намуна эса 10 ёшли бемор Ш. (қиз бола)га тегишли экани маълум бўлган», деган вазир ўринбосари. 

Ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда. Бемор билан бирга бўлган оила аъзоларида манфий натижа аниқлангани сабабли уй шароитида изоляцияга рухсат берилган. 

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу вазиятдан келиб чиқиб, яна бир бор аҳолини ҳушёрликка, жамоат ҳамда иш жойларида тиббий ниқобни тўғри ва доимий тарзда тақиб юришга, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш каби кундалик одатларни канда қилмасликка чақириб қолади.

Юртдошларимиздан зарурат бўлмаганда чет эл сафарларига вақтинча чиқмай туришларини сўраймиз. Азиз  юртдошлар! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Саломатлигингиз ўз қўлингизда!» дейилади вазирлик хабарида.

2020 йилнинг декабр ойи ўрталарида Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланганди. Кўпгина мамлакатлар, шу жумладан, Россия Буюк Британияга парвозларни вақтинча тўхтатганди. Кўп ўтмай Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида, хусусан, бошқа мамлакатлардан вируснинг янги штаммлари кириб келишининг олдини олиш борасида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали мамлакатга кириш)ни тўхтатиш каби чоралар кўрилган эди. Бу чоралар 1 мартга қадар узайтирилган. 

Мавзуга оид