Дунёда коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари аста-секин ўсиб бормоқда. Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, сўнгги 28 кунда қарийб 14 миллион киши Covid-19’ни юқтириб олди, 201 минг киши вафот этди. Ҳафтадан ҳафтага касалланганлар сони ортиб боряпти, бироқ ўлим ҳолатларининг ҳафталик кўрсаткичлари октябрь ойи охиридан бери барқарор – 47-50 минг киши даражасида қолмоқда.

Бугунги кунда Ғарбий Европа касаллик тўлқинининг навбатдаги марказига айланган. У ерда ҳар икки кунда қарийб миллион киши касалланмоқда. 25 ноябрь куни Европа бўйлаб ўлим кўрсаткичи, Франс пресс агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бир ярим миллиондан ошиб кетди.

Рождество байрамлари арафасида ҳукуматлар навбатдаги кескинликнинг олдини олиш учун чоралар кўрмоқда.

ЖАРда коронавируснинг янги варианти 

ЖАРда коронавируснинг B.1.1.529 номли янги мутацияси аниқланди.

«Бу вариант аввалгиларига қараганда юқумлироқ. Эҳтимол, вакциналарга камроқ таъсирчан», деди BBC’га берган интервьюсида жанубий африкалик эпидемиолог, профессор Салим Карим.