Ҳалол хизмат кўришни ўз олдига мақсад қилиб, Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида мўжазгина ресторанга асос солган Маҳмуд Абдуллаев ҳам мусофирчиликнинг оғир синовларини бошдан кечирган.
«Лаззат» ресторани – Сеулдаги биринчи ҳалол ўзбек миллий таомлари ошхонаси. Унинг асосчиси элчихона тадбирлари, халқаро кўргазма ва фестивалларда ҳам фаол иштирок этиб, ўзбек миллий таомларини хорижликларга танитиб келмоқда.

Ўтган йили Маҳмуд Абдуллаев Ўзбекистоннинг «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. 2020 йилда «Лаззат» ресторанида ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, Маҳмуд Абдуллаев Discovery каналининг «Hello Plate» лойиҳасида Кореядаги дунёнинг тўрт нафар энг кучли ошпазлари билан ўзаро беллашди.
Kun.uz'нинг Кореядаги мухбири «Лаззат» ресторанида бўлиб, Uzbek.Life лойиҳаси доирасида Маҳмуд Абдуллаев билан суҳбатлашди.
— Маҳмуд ака, барчаси қандай бошланган? Кореяга келишингизга ва мана шу йўлни танлашингизга нима сабаб бўлган?
— 2009 йилда Ўзбекистонда автомобил эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланар эдим. У вақтларда бир дўстим Кореяга қатнаб юрар эди. У менга: «Маҳмуд ака, биз билан Кореяга бориб, оригинал эҳтиёт қисмларини танлаб берсангиз, уларни Ўзбекистонга жўнатишни йўлга қўйсак, нима дейсиз?» деб таклиф берди.
Шу дўстим сабабли 2009 йил кузида Жанубий Кореяга келиб, автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, заводларни ўргана бошладик.
— «Лаззат» ошхонасини очишингизга нима туртки берган?
— Кореяга 2009 йилда келган бўлсам, 2013 йил баҳорига қадар турли хил ишларни қилиб, оилам, фарзандларимдан узоқда мусофирчиликнинг нонини еб юрдим. Кейин 2013 йил баҳорларида аёлимни ҳам олиб келдим.

У вақтда Анвар ака исмли ҳамюртимизнинг дўконларида гўшт тарқатиб юрар эдим. Бир ошхонага гўшт олиб борганимда: «Ошхона бор, сотиб олмайсизми?» деб қолишди. Шунда дўстим Хуршидбекка: «Фақат қуруқ гўштни сотаверамизми, энди буни пишириб ҳам сотайлик», дедим. Бу таклифим уларга ҳам маъқул бўлди ва биз бу ресторанни очишга шартнома туздик.

























