Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Кадастр ишларини бажариш соҳасида давлат органлари функциясини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Ўзбекистон президентининг 2019 йил 5 апрелдаги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилган эди.
Янги қарор лойиҳасида ўтказилаётган синов жараёни 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилиши белгиланмоқда.
Ҳужжат билан Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом ва мазкур икки ҳудуд кадастр муҳандислари томонидан кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилди тайёрлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар нархининг минимал ставкалари тасдиқланиши белгиланган.
Қарор лойиҳасида уч ой муддатда кадастр муҳандислари томонидан кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан, бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнларини амалга ошириш имкониятини берувчи ҳамда Кадастр агентлиги томонидан мониторинги юритилувчи махсус автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Бунда ахборот тизимини ишлаб чиқиш, ишчи ҳолатини таъминлаш ва ривожлантириш Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириши, тажриба-синов натижалари бўйича 2022 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши белгиланмоқда.
Шунингдек, кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнларини амалга ошириш имкониятини берувчи автоматлаштирилган ахборот тизимини сақлаш ва такомиллаштириш мақсадида, Кадастр агентлиги томонидан ҳар бир кўчмас мулк бўйича сўров учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилиши белгиланиши кутилмоқда.
«Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисида»ги низомдан малака имтиҳонини топшириш, апелляцияни кўриб чиқиш, малака шаҳодатномасини расмийлаштириш ва бериш, ҳужжат амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш, кадастр муҳандислари реестрини юритиш тартибларини белгилаш масалалари ўрин олган.










