30 январ куни Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк марта қайд этилди. Инфекциянинг янги варианти Дубайдан Тошкентга келган 10 яшар қизда аниқланди.
Янги штаммни аниқлаш ва тестлар ишлаб чиқариш билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази шуғулланмоқда. Kun.uz шу мавзудаги саволлар билан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновга мурожаат қилди.
Британия вариантининг хавфлилиги – унинг тез юқувчанлигида
— Аввало, бу янги штамм эмас. COVID-19'ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вирусининг 4000дан ортиқ янги вариантлари бор. Ҳар ҳафта битта линияда иккита мутация рўй беряпти. Эволюцион биология нуқтайи назаридан айтадиган бўлсак, бу – секин мутацияга учрайдиган вирус ҳисобланади. Масалан, гриппга нисбатан анча секинроқ мутацияга учрайди.
Янги вариантлар орасида энг танилгани – Британия варианти. Бу вариант бошқаларидан 17 та мутацияси ва тез тарқаши билан фарқ қилади. B117 вариантнинг хавфлилиги – тез юқувчанлигида. У олдинги вирусга қараганда 50 фоиз тез юқяпти ва шунинг ҳисобига ўлимлар сони ҳам кўп.
Бундан ташқари, Жанубий Африка ва Бразилия вариантлари ҳам бор.
Янги штаммни аниқлашга 5 кун вақт кетди. Бу жуда узоқ эмасми?

— Дубай–Тошкент рейсида келганлардан 33 кишида тест мусбат натижа кўрсатган ва биз уларнинг қон намуналарини Илғор технологиялар марказида текширганимизда, орасидан биттаси шубҳа уйғотди.
Чуқурроқ таҳлил қилинганда, ҳақиқатдан ҳам Британия варианти экани аниқланди.
Албатта, бу – янги штамм. Тест тўпламларимизда 17та мутацияларнинг ҳаммасини аниқлайдиган реагентлар мавжуд бўлмаган. S оқсилининг симптоми бўла туриб, аммо таҳлилда бу оқсил кўринмагани шубҳа уйғотган. Яъни ўша куниёқ, натижаси 2 соатда чиқадиган тестдан кейиноқ биз бу Британия штамми бўлиши мумкинлигини тушундик. Лекин аниқ шундайми-йўқми, айта олмасдик, чунки 17та мутацияни кўрганимиз йўқ.














