Kun.uz'га мурожаат қилган, Олмазор туманининг Зарқайнар 9- берк кўча 61-хонадонда яшовчи Нодира Ғаниева ва унинг оиласини қийнаётган муаммо ҳам «снос» билан боғлиқ.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида хонадонга бордик. Мурожаат муаллифи яшайдиган уй Ислом цивилизацияси марказининг шундоққина ёнгинасида жойлашган. Aтрофдаги уйлар бузилган, эгалари аллақачон бошқа жойга кўчирилган. Лекин негадир биргина хонадон вакиллари кўчирилмасдан қолган.

«Бизга уй таклиф қилинмаяпти»
Бир йилдан буён харобалар ичида яшаётганини айтган Нодира Ғаниевага кўра, барча қўшниларига бузилган уйлари эвазига уларнинг танловидан келиб чиқиб янги уйлар берилган.
«Уйларимиз бузилиши ҳақидаги гап 4 йил олдин тарқаганди. Aтрофимиздаги қўшниларимиз ўзлари ҳоҳлаган жойдан уй олиб чиқиб кетишди. Кетишганига ҳам бир йилдан ошди. Фақат бизнинг оила – 8 нафар жон шу ерда қолганмиз.
Мен президент порталига ва Олмазор туман ҳокимлигига ҳам ёздим. Шаҳар ҳокимиятига ҳам мурожаат қилдим. Лекин ҳалигача муаммомиз ижобий ҳал этилмади. Масъуллар уйимизга келишганда, «сабр қилиб туринглар, тез орада ҳал бўлади» дейишади. Шунча пайт сабр билан кутдик, аммо натижа йўқ.
Ҳар куни ёнимизда оғир техникалар ишлайди. Уларнинг ҳаракатидан уйимизнинг деворлари кундан кунга ёрилиб, юзага келган ёриқлар хавфли бўлиб бормоқда. Ҳудуддаги бузилиш ва қурилиш ишлари натижасида атроф чанг-тўзон бўлиб кетади. Кунлар ичиши билан уйимизни каламуш, сичқон ва ҳашоратларгача босади.
Қизим ўқишга бориб келиши керак, ён-атрофимиздаги уйлар бузилиб кетгани учун уйимизга кириб-чиқишимиз учун йўл йўқ. Ёғин-сочинли кунларда лой кечишга мажбурмиз. Ота-онам ногирон. Тез-тез тез ёрдам чақирамиз. Тез ёрдамдагилар ҳам келиб-кетишга қийналишади.
4 йил олдин ҳали энди бузилишлар бошланган вақт «Соҳил бўйи»дан 9-қаватдан уй кўрсатишди. Яна «Ҳувайдо» мебеллар уйининг орқасидан эски уйлардан ҳам кўрсатишди. У жой умумий ётоқхона бўлиб, жуда эски экан. Шу сабабли рад этдик. Шундан бери уй кўрсатишмади.
«Снос»га тушган уйимизнинг ўрнига бериладиган квартиралар бир подъездан бўлмаса ҳам бири-бирига яқинроқ жойдан бўлишини сўраяпмиз холос. Қўшниларимизга айтган жойларидан қилиб беришди. Бизга нега олиб беришмаяпти, тўғриси, сабабини билолмаяпмиз» – дейди Нодира Ғаниева.



















