Спорт | 11:37 / 06.02.2021
14096
15 дақиқада ўқилади

Кун ўйинлари анонси: Англияда Пеп ва Клопп тўқнашуви, Италияда «Ювентус» миланликларни қувишда давом этади

«Энфилд» ҳалигача Гвардиола учун ўтиб бўлмас довон бўлиб қолмоқда. Ушбу стадионга Пеп шогирдларини 5 марта олиб тушган ва тўрттасида мағлуб бўлган. Бир ўйинда ҳисоб очилмаган. «Энфилд» нафақат рақиблар, энди ҳатто «Ливерпуль» учун ҳам энг қийин стадион бўлиб турган шу паллада, Пеп учун муваффақиятсиз серияга барҳам беришнинг айни вақти. Шунингдек, бу дам олиш кунлари Европада яна бир қатор қизиқарли учрашувлар жой олганки, қуйида, анъанавий анонс саҳифада келтирилади.

АСТОН ВИЛЛА – АРСЕНАЛ (6 февраль, 17:30)

Сўнгги бир ойда «Арсенал»нинг натижалари сезиларли яхшиланган бўлса-да, жамоа бутунлай барқарор йўлга тушиб олдими ёки бу ҳали ёлғончи тасаввурми, пайқаш осон бўлмаяпти. Қаторасига тўрт ғалабадан сўнг, «Кристал Пэлас» билан дуранг ва Англия кубогидан чиқиб кетиш рўй берди. «Юнайтед» билан дуранг ҳеч қандай саволга жавоб бермаган бўлса, «Вулверҳэмптон» сафарини ҳам шундай ўйинлар тоифасига киритиш мумкин, зеро бу ўйиннинг биринчи бўлимини «Арсенал» тўлиқ устунликда ўтказган, ҳисобни очган, фақат бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Луизнинг қизил карточка олиши ва пенальтига сабабчи бўлишидан сўнг, барчаси ўзгариб кетганди. Ҳозир эса, Артета шогирдлари шундай чегарада турибдиларки, февралдаги ўйинлар жамоани ё еврокубоклар учун курашга қўшади, ёки бутунлай ўртамиёнага айлантиради. Ҳа, бир пайтлар инглиз топ-клублари учун Европа Лигаси ярашмасди, аммо ҳозир, Англияда кучли жамоалар кўпайган пайтда, ҳар доим ҳам Европа Чемпионлар Лигаси очиқ эмас. Бир пайтлар Арсен Венгернинг доимий тўртинчи ўрни устидан кулишган бўлса, ҳозирда бу ўрин учун жамоа анча муваффақиятли мавсум ўтказиши шарт.

«Астон Вилла» ўтган йилнинг охиригача анча кучли ўйин намойиш этган, ҳатто бир муддат йўқотилган очколар борасида пешқадам ҳам эди. Аммо қаторасига икки ўйини коронавирус туфайли қолдирилиши жамоанинг ўша ритмини йўқотиб қўйди. «Манчестер Сити» каби жамоалар учун танаффус айни муддао, бу муддатда дам олиш ва керакли тузатишларни амалга ошириш имконияти юзага келади. Аммо бир таркиб билан юқори кайфият ва ритмда муваффақият билан кетаётган «Астон Вилла» учун ҳаммаси тескари ишлади. Тўғри, рақиблар ҳам анойи эмасди – «Манчестер Юнайтед», «Челси», «Манчестер Сити», сўнгги ўйинларда яхши формага кирган «Вест Ҳэм»...

Ўйин олдидан мезбонларда йўқотишлар йўқ. «Арсенал»да эса, Мари, Тирни, Габриел каби йўқотишлар етмагандек, ўтган турда Луиз ва Лено дисквалификацияга учради. Рунарссоннинг анча ишончсиз ўйнашини эътиборга олсак, айнан германиялик посбоннинг йўқлиги кўпроқ билинса керак.

Дарвоқе, биринчи даврада «Олд Траффорд»даги ғалабадан сўнг, «Арсенал» ўз майдонида айнан «Вилла»га 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган ва шу тариқа лондонликларнинг саккиз ўйиндан иборат ғалабасиз серияси бошланганди.

ЮВЕНТУС – РОМА (6 февраль, 22:00)

«Ювентус»нинг сўнгги йиллардаги чемпионлик мавсумларида ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Масалан, Саррининг «Наполи»си билан сўнгги тургача давом этган пойгани эслаш мумкин. Аммо бу сафаргиси бироз бошқача. Ўшанда икки жамоа деярли очко йўқотмасдан манзил томон юришган бўлса, ҳозир ҳар қандай ўйинда, ҳар қандай жамоа очко йўқотиши мумкин – бу эса чемпионатни янада қиздиради. «Ювентус» бу мавсумда «Фиорентина», «Беневенто», «Верона», «Кротоне» каби жамоалар билан ўйинларда очко йўқотиб улгурди. Бундай шароитда Милан жамоалари «Рома»дан умид қилишлари анча мантиқли ҳолат.

Ҳа, бироз парадоксал бўлди, чунки ҳозирда «Юве» эмас, айнан «Рома» пешқадамларга яқинроқ турибди ва ғалаба қозонса, масофани қисқартириши мумкин. Қизиғи, «Рома» айнан топ-рақибларга қарши ўйинларни жуда шиддатли ва муросасиз ўтказмоқда. «Милан» билан ҳам (3:3), «Интер» билан ҳам (2:2) жанговар дурангга имзо чекилган. Биринчи даврада «Ювентус» билан ўйин ҳам 2:2 ҳисобида тугаган – икки марта Верету мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, ҳар икки сафар ҳам Криштиану Роналду ҳисобни тенглаштирганди. Туриндаги охирги ўйин эса, 1 август куни «Рома»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаганди (коронавирус туфайли чўзилган ўтган мавсум доирасида).

«Сампдория»га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олгани учун Бентанкур мезбонларга ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Дибаланинг февралда сафга қайтиши айтилган бўлса-да, ҳали дарак йўқ. «Рома» таркибида Крис Смоллингнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар таркибида ҳам дисквалификация қилинган футболчи бор – охирги икки ғалабали ўйинда бир гол ва икки ассистни амалга оширган Лоренцо Пеллегрини кераксиз сариқ карточка ишлаб ҳам олганди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЭВЕРТОН (7 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Агар Сульшердан «Юнайтед»ни бошқараётган даврдаги энг аламли мағлубиятини сўрасангиз, «Эвертон»га қарши дастлабки учрашувни (0:4) ёдга олади. Мураббий учун бу жуда оғриқли кечганди. Кейин ҳам «Эвертон» Сульшер учун анча вақт ўтмас довон бўлиб қолди, ўтган мавсумда ҳар икки ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Фақат бу мавсумга келибгина, биринчи даврада 3:1 ҳисобида ғалаба қозонилди. Кейин Лига кубоги баҳсида ҳам 2:0 ҳисобида «иблислар»нинг қўли баланд келди.

Эсланган ҳар икки ўйин «Гуддисон Парк»да бўлган. Қизиғи, «Эвертон» барча мусобақалардаги охирги 5 мағлубиятини айнан ўз майдонида қабул қилган. Айниқса, «Вест Ҳэм» ва «Ньюкасл»дан учралган мағлубиятлар Анчелотти жамоасини пешқадамлар гуруҳидан тушириб юборди. Тўғри, «Эвертон» бошқалардан икки ўйин кам ўтказган, масалан, йўқотилган очколар бўйича жамоа бугунги рақибидан атиги 2 очко орқада, холос. Аммо қолдирилган ўйинлардаги рақиблар «Астон Вилла» ва «Манчестер Сити», бунинг устига, агар «Олд Траффорд»да ҳам очко йўқотилса, табиийки, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун имконият анча тушиб кетади.

Таркибларга келсак, Сульшер фақат Байининг майдонга тушиши сўроқ остида эканини, ўтган ўйинда алмаштирилган Кавани эса, деярли тайёрлигини айтиб ўтди. «Эвертон»да ҳам йўқотишлар кўп эмас, фақат асосий дарвозабон Пикфорд ҳали тайёр эмас. Бир тарафдан бу ливерпулликлар фойдасига ишлаши ҳам мумкин, чунки Ульсен майдонга тушган ўйинларда анча ишончлироқ ҳаракат қиляпти. Лидсдаги ғалабада ҳам етти сейвни амалга оширган швециялик дарвозабон асосий қаҳрамонлардан бири бўлганди.

«Эвертон»га бошқа бир жиҳат панд бериши мумкин. «Манчестер Юнайтед» олдинги тур ўйинини бир кун олдин, сешанба оқшомида ўтказди ва бу Сульшер шогирдларига қўл келиши мумкин. Бунинг устига «Юнайтед» ўша ўйинда 9:0 ҳисобида ғалаба қозонди, бир киши кам бўлган рақибга қарши ўйнади, ўйин давомида кам куч сарфлаб, баъзи етакчиларга дам берди ҳам. «Эвертон» эса «Лидс» билан ўйинда анча тер тўкишига тўғри келгани шубҳасиз.

ЛИВЕРПУЛЬ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (7 февраль, 21:30)

Уч йилдан буён илк марта бу жамоалар ўзаро ўйин пайтида турнир жадвалида қўшни эмас. Орадаги фарқ ҳам, агар йўқотилган очколар бўйича ҳисобланса, 10тага етган бўлса-да, айнан мана шу турнир нуқтайи назаридан ҳам жуда аҳамиятли паллада бўлиб ўтмоқда учрашув. Бошқа пайтларда, балки жамоалар ўзаро дуранг ўйнаб, курашни сиртдан олиб боришга қарши бўлишмасди, лекин ҳозир ҳар иккисига ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур пайт.

«Ливерпуль» юқорида тилга олинган масофани қисқартириш учун бор кучини ташлаши шарт. Зеро, фарқ катталашса ёки сақланиб қолса ҳам, қаторасига 13 ўйиндан бери ғалаба қозонаётган «Манчестер Сити»га етиб олиш имконсиз бўлиб қолади.

«Манчестер Сити» эса рақибларнинг муваффақиятсиз давридан фойдаланиб, қулай жойлашиб олди. Олдинда эса «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Арсенал»га қарши ўйинлар кутиб турибди. Бу учрашувлардан сўнг ҳам, ҳозирги позицияни ва масофани сақлаш жуда муҳим бўлиб турибди. Биринчидан, кейин Чемпионлар Лигаси бошланади, тиғиз тақвимда ҳар қандай пасайишга тайёр туриш керак. Иккинчидан, коронавирус даврида кутилмаган муаммоларнинг пайдо бўлиши, айтайлик, етакчи футболчиларнинг касалланиб қолиш эҳтимоли ҳам бор.

«Ливерпуль» лазарети ҳамон тўла. Алиссон, Фабиньо ва Мане машғулотларга қайтгани айтилаётган бўлса-да, Гомес, Жота, Кейта, Матип каби футболчилар бу ўйинга тайёр бўла олмасликлари аниқ. Меҳмонларда эса, Де Брюйне ва Аке ҳали тикланмаган, Агуэро жароҳатидан фориғ бўлса-да, муҳим ўйинга қай даражада тайёрлиги маълум эмас. Пеп Гвардиола сўнгги ўйинларда иш бераётган схемани бузмасдан, Сильва, Стерлинг, Гундўғаннинг навбати билан «тўққизлик»ка айланишларидан воз кечмай турса керак.

Таркиб танлашда Юрген Клопп олдида ҳам ўзига яраша дилемма бор. Маълумки, клуб трансфер ойнасининг сўнгги кунида Ўзан Кабак ва Бен Девис каби марказий ҳимоячиларни сотиб олди. Клоппнинг айтишича, футболчилар жамоага қўшилишган ва назарий тушунчалар билан ҳам таништирилган. Савол туғилади, сўнгги ўйинларда ярим ҳимоянинг етакчисига айланган Тиаго Алкантара тўп назоратига асосланган «Сити»га қарши ҳам ўша функцияда қоладими ёки доимгидек, Пепга қарама-қарши услубни танлайдиган мураббий Ҳендерсонни яримҳимояга қайтарадими? Агар иккинчи вариант танланса, АПЛ учун янги бўлган ҳимоячилар илк ўйинда талабга жавоб бера оладиларми?

БЕТИС – БАРСЕЛОНА (8 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Қаторасига беш ғалаба, одатий мавсумларда Испания чемпионати пешқадамига айлантирар, камида чемпионлик пойгасидаги имкониятларини яхшиларди. Ҳозирчи? Куман жамоаси қаторасига шунча ғалабага эришди ва бу фақат «Реал»га етиб олишни таъминлади. «Атлетико» билан фарқ эса, 10 очко. Бунинг устига Симеоне шогирдларида битта захира ўйини ҳам бор. Мана шу фактнинг ўзи бу мавсумда «Атлетико» нақадар барқарор эканини кўрсатади. Жамоа ҳам «Реал» ва ҳам «Барселона»нинг инқирозига шу қадар тайёр экани таҳсинга сазовор албатта, аммо «Атлетико»нинг бу графиги ҳақиқий чемпионлик йўли – бундай темпда энг яхши «Реал» ва «Барселона» билан ҳам «Атлетико» чемпионлик учун курашган бўларди.

Куманнинг вазифаси эса, маълум, турнирдаги вазиятдан қатъи назар, унинг шогирдлари ҳар ўйинда ғалаба учун майдонга тушишлари, шу билан бирга, ўйиндаги қандайдир ўсиш ва ижобий жиҳатларни намойиш этишлари лозим. Мураббий шу орқали футболчилар олдида ҳам, бўлажак раҳбарият олдида ҳам ишончни пайдо қилади. Акс ҳолда у салкам йигирма йиллик орзусидан бир йилдаёқ айрилиб қолиши мумкин. Катта эҳтимол билан авлодлар алмашинувини бошлаб, янги даврга кириб борадиган «Барселона» бу ишни айнан Куман билан қила олишларига ишонишлари шарт.

«Бетис» билан ўйин анонсга киритилганининг ҳам сабаби бор. Биринчидан, андалусияликлар айниқса, ўз майдонларида ҳар қандай рақибга қаршилик қила оладиган аурага эгалар. Иккинчидан, «Бетис» ҳозир яхши спорт формасига кириб олди, 2021 йилдаги барча 9 ўйинини мағлубиятсиз ўтказди. Учинчидан, жамоа таркибида бир қатор қизиқарли футболчилар бор, масалан, собиқ «барсачилар» – Браво, Бартра, Монтойя, Тельо, «Реал» тарбияланувчиси Серхио Каналес каби футболчилар учун ортиқча мотивациянинг кераги йўқ. Мезбонлар мураббийи Мануэл Пеллегринининг ҳам Мадрид билан боғлиқ тарихи бор.

Мезбонлар сафида юқорида тилга олинганлар ичида Браво ва Бартранинг майдонга тушиши сўроқ остида, шунингдек, Камараса ва Лайнес ҳам жароҳатланганлар сафида. «Барселона» эса, Пике ва Коутиньодан ташқари, Сержио Роберто ёрдамидан ҳам фойдалана олмайди.

Учрашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, хар икки клуб ҳам ҳафта ўртасида шу оғир кубок ўйинида майдонга тушди ва 120 дақиқадан ўйин ўтказди. «Барселона» фақат қўшимча бўлимларда «Гранада» устидан 5:3 ҳисобида устун келган бўлса, «Бетис» фақат пенальтилар сериясида «Атлетик»ка мағлуб бўлди. Рақибларнинг жисмонан оптимал ҳолатда эмасликлари ҳам ўйинда хатолар сонини, шундан, голлар сонини ҳам кўпайтирса, не ажаб.

Бонус: ЖЕНОА – НАПОЛИ (7 февралга ўтар кечаси 00:45) 

Элдор Шомуродов Италияда навбатдаги топ-рақибга қарши майдонга тушиши мумкин. «Женоа» сўнгги пайтларда, хусусан, А Сериядаги охирги 4 ўйинда мағлубиятга учрамади ва уч бор ғалаба қозонди. Унгача хавфли зонада бўлган жамоа учун бу жуда катта қадам ва натижада «Женоа» очколар сонини 21тага етказиб, 18-ўриндан 6 очкога илгарилаб кетди. Бу ўйинларда Элдор гол ура олмаган бўлса-да, аксарият самарали ҳужумларда фаол иштирок этди. Умид қиламизки, айнан шу ўйинда ҳамюртимиз голсиз сериясига барҳам беради.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

6 февраль. АТАЛАНТА – Торино (19:00), Фрайбург – БОРУССИЯ Д (19:30), Шальке – ЛЕЙПЦИГ (19:30), Уэска – РЕАЛ (20:15)

7 февраль. ТОТТЕНҲЭМ – Вест Бромвич (17:00), Вулверҳэмптон – ЛЕСТЕР (19:00), МИЛАН – Кротоне (19:00), Шеффилд – ЧЕЛСИ (8 февралга ўтар кечаси, 00:15), Марсель – ПСЖ (01:00) 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид