Ўзбекистон | 18:49 / 09.02.2021
62714
4 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов: «Нега қизларимиз хориждан келганлар олдига гул кўтариб чиқиши керак?»

«Хўш, айтинг-чи, адрас кўйлак кийиб, танимаган-билмаган одамига гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса бу», деган вазир.

Абдуқодир Тошқулов

Кеча, 8 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлар учун видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz'га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш давомида олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим муассасаларининг талаба қизлари хорижлик меҳмонларга гул тутиш учун жалб этилиши масаласида танқидий фикрларини билдирган.

«Энг ёмон кўрганим шу: хориждан келган меҳмонларни кутиб олиш (фон) учун нега бизнинг қизларимиз гул кўтариб чиқиши керак? 

У ерга ўз фарзандингизни қўйиб кўринг-чи. Биз энди бу бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Яъни бу ҳам мажбурий меҳнатга тенглаштирилади. Ҳақиқатан ҳам, бу мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши. 

Қизларимиз ҳеч қачон кимгадир гул тутишга ўзи хоҳлаб бормайди. Яна бу ишлар дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақтида бўлади. 

Хўш, айтинг-чи, адрас кўйлак кийиб, танимаган-билмаган одамига гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса бу. Таржимон бўлса тушунаман, туризмда ўқиса тушунаман.

Стадионларни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун талаба, фестивал бўлса талаба... Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиши, керак бўлса тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ», – деган Абдуқодир Тошқулов.

Бунгача ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга пойтахтга келадиган бир қатор олий мартабали меҳмонларни кутиб олишда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган расмий хатининг намунаси тарқалган ва бу ҳолат интернет фойдаланувчиларининг кескин эътирозларини келтириб чиқарганди.

 

«Мамлакатимизда олий ва юқори даражадаги ташрифлар ҳамда турли халқаро тадбирлар ўтказилиши муносабати билан Тошкент шаҳрига бир қатор олий ва юқори даражадаги меҳмонларнинг ташрифи кун сайин ортиб боряпти. 

Ташриф дастурларига мувофиқ, мазкур меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш даврида меҳмонларга ўзбек миллий либосидаги қизлар гулдаста тақдим этадилар. 

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртларида таълим олаётган, давлат протоколи талабларига мос келадиган 50 нафар талаба қизларнинг рўйхати, иккитадан фотосурати, паспорт нусхаси ва маълумотларини жорий йил 5 февралига қадар тақдим этилишида амалий ёрдам бериш сўралади.

Тавсия этиладиган талаба қизларнинг бўй-басти, ташқи кўриниши, тарбия ва одоби, чет тилларини билиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ», – дейилади шаҳар ҳокими йўллаган ушбу хатда.

Кейинроқ олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов номидан Тошкентдаги ОТМ ректорларига хорижлик меҳмонларни кутиб олиш ва кузатишда гулдаста тақдим этишлари учун талаба қизлар рўйхатини 5 февралгача тақдим қилишни сўраб йўллаган хати намунаси тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаб келган Абдуқодир Тошқулов 14 январь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланганди. Собиқ олий таълим вазири Иномжон Мажидов Ўзбекистон Миллий университетига ректор бўлган.

Мавзуга оид