Ҳаммага маълумки, давлат раҳбари томонидан иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сонли фармони ҳам шу йўналишда бошланган ишларнинг давоми сифатида қабул қилиниб, кўплаб акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат акция пакетларининг оммавий савдолар орқали сотилишини белгилаб берди.

Бугунги кунда мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан кўплаб акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари фонд биржаси савдоларига чиқарилди. 

Жумладан:

“Урганч ёғ-мой” АЖ устав капиталидаги 60,3 фоиз, 18 млн 645 минг 786 дона оддий акциялар 115,8 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 6 минг 209,40 сўмдан) таклиф этилмоқда;

“Гулистон экстракт ёғ” АЖ устав капиталидаги 58,9 фоиз, 290 минг 796 дона оддий акциялар 103,8 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 357 минг 074,08 сўмдан) таклиф этилмоқда (савдолар 2021 йил 4 мартдан бошланади);

“Когон ёғ экстракция заводи” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз, 25 млн 938 минг 836 дона оддий акциялар 56,4 млрд сўмга (ҳар бир акциянинг бошланғич нархи 2 минг 173 сўмдан) таклиф этилмоқда (савдолар 2021 йил 16 мартдан бошланади).

Бундан ташқари, “Фарғона ёғ-мой” АЖ, “Янгийўл ёғ-мой” АЖ, “Андижон ёғ-мой” АЖ каби йирик ёғ-мой корхоналари (жами 10та ёғ-мой корхоналари) сотишга таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ, “Қашқадарё технологик транспорт” АЖ, “Бухоронефтгазпармалаш” АЖ, “Ўзқишлоқэлектрқурилиш” АЖ, “Махсусэлектртармоққурилиш” АЖ каби нефтг-газ ва электр тармоқ корхоналари, шунингдек, “Трастбанк” АЖ, “Савдогарбанк” АЖ каби йирик банклар фонд биржаси савдоларига чиқарилди (тўлиқ рўйхат).