Мурожаатни ўрганиш мақсадида тумандаги Оқтепа қишлоғида бўлдик.

Дарҳақиқат, оқтепаликлар ўз қишлоқларига кириб боргунча 2 километр масофани пиёда босиб ўтишга мажбур экан. Боиси — қишлоқ марказигача олиб борадиган транспорт қатнови йўлга қўйилмаган.

Дастлаб 41-умумтаълим мактабида бўлдик. Мактаб директори Манзурахон Қодирова 2021 йилда қурилиши режалаштирилган мазкур муассасанинг қурилиши учун ер майдони йўқлигини тасдиқлади. 220 ўринли мактабда бугунги кунда 391 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.

«Мактабимиз Ўзбекистон Республикаси президентининг «Замонавий мактабларни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан инвестиция дастурига тушган. Бу йил, яъни 2021 йилда қурилиши режалаштирилган. Бироқ ер майдони йўқлиги боис ушбу қурилиш тўхтаб турибди. Биз ер майдони сўраб Учкўприк тумани ҳокимига бир неча маротаба мурожаат қилдик. Биздан ташқари шу ҳудуд аҳолиси ҳам мурожаат қилган. Лекин мурожаатларимизга жавоб ҳали ҳам етиб келгани йўқ», — дейди директор М.Қодирова.

Шунингдек, масъулларнинг билдиришича, мактабда ошхона, фаоллар зали, ҳожатхона ҳам мавжуд эмас. Мактаб хожатхонаси эса мактаб биносидан ташқарида — маҳалланинг ичида жойлашган.

Биз мактаб директори билан суҳбатлашгунга қадар, мактаб ҳовлисида қишлоқ фаоллари тўпланди. Улардан бири — Рустамжон Иномжоновнинг фикрича, маҳалла аҳолисининг масъуллардан ягона талаби қишлоққа замонавий мактаб қуриш.

«Мени маҳалла аҳолиси сиз шу иш билан шуғулланинг деб, барча масъулиятни менга юклаб қўйган. Бормаган ташкилотим қолмади, ҳисоб. Хозир ҳам ҳокимиятдан келяпман. Ҳоким иш билан чиқиб кетган экан. Ҳудудимиз прокурор секторига қарайди. Сектор раҳбарига ҳам учрашдим. Ҳозирча натижа йўқ. Аҳоли ва масъуллар билан шу масалани ҳал қилишимиз керак. Керак бўлса республикага ҳам чиқамиз. Бизнинг ҳам фарзандларимиз замонавий мактабларда ўқисин ахир», — дейди маҳалла фаоли Р.Иномжонов.

Гувоҳи бўлганимиз — ўқувчилар маҳалла ичидаги спорт майдонига бориш учун иккита йўлдан фойдаланади. Биринчи йўл – айланма йўл бўлиб, майдончага етиб олиш учун ўқувчилар маҳалла ичидаги кўчаларни айланиб ўтишга мажбур. Бунинг учун ўқувчилар 15–20 дақиқа вақт сарфлайди. Иккинчи йўл — қисқа йўл бўлиб, у мактаб биноси орқасидаги кўчада ҳали қурилиши бошланмаган уйнинг ер майдонини босиб ўтиш. Бунинг учун ўқувчилар 5–10 дақиқа вақт сарфлайди.