Спорт | 13:36 / 13.02.2021
9403
15 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси: Англияда Гвардиола ва Моуриньо тўқнашуви, Испанияда «Реал» «Валенсия»дан қасос олмоқчи

Баҳор яқинлашиб одатий режимига қайтаётган ва Милан клубларини таъқиб қилишни бошлаган «Ювентус» навбатдаги синовдан ўта оладими? Брендан Рожерс собиқ клубини кучли тўртликдан улоқтириб юборишга қодирми? «Манчестер Сити»ни охирги марта мағлуб этган клуб бу ишни яна бир бор уддалай оладими? «Атлетико»нинг қоқилиши тасодифмиди? Ушбу дам олиш кунлари жуда кўп қизиқарли саволларга янада қизиқарлироқ ўйинлар орқали жавоб оламиз.

Фото: Michael Steele, Chris Brunskill, Getty Images

 ЛЕСТЕР – ЛИВЕРПУЛЬ (13 февраль, 17:30)

Айтиш мумкинки, ўтган турдаги мағлубиятдан сўнг, «Ливерпуль» чемпионлик пойгасидан чиқиб кетди, зеро 10 очколик фарқ, бунинг устига «шаҳарликлар»да бир ўйин захираси борлигини эътиборга олсак, бу фарқни йўққа чиқариш учун «Ливерпуль»нинг мукаммал ўйнаши кифоя қилмайди. Энди «Манчестер Сити»нинг ўзига бирор нима бўлиши керак. Икки йиллик танаффусдан сўнг «Ливерпуль» яна эски дунёга қайтмоқда – Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашиш. Бу режим албатта, енгилроқ, рақиблар ҳам «Сити» қадар барқарор эмас, аммо ушбу ўйиндаги қоқилиш бу курашда ҳам жамоани қийнаб қўяди – биратўла икки жамоа «Ливерпуль»ни қувиб ўтиши мумкин. Умуман, «Лестер» майдонидаги очко йўқотиш «Ливерпуль»ни йўқотилган очколар бўйича саккизинчи ўринга тушириб юбориши эҳтимоли бор, буёғи энди ҳазил эмас.

«Лестер» ҳам ўзига яраша масъулиятли даврда турибди. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда ҳам жамоа февралгача кучли учликда борган, аммо кейин пасайиш рўй бериб, якунда бешинчи ўринни олишганди. Руҳий жиҳатдан бу албатта, ўз таъсирини ўтказади, айниқса, қуйидан «Ливерпуль» ва «Челси» қувиб келаётгандаги босимни енгиш осон эмас. Хуллас, бу ўйин Рожерс шогирдлари учун ҳам ўзига бўлган ишончни қайтариш, ҳам «Ливерпуль»ни янада чуқурроққа итариш учун айни муддао. Ахир «Лестер» охирги уч ўйиндан бери «Ливерпуль»ни енга олмаяпти, сўнгги икки ўйин эса, Клоппнинг умумий 7:0 ҳисобидаги икки йирик ғалабаси билан якунланган.

«Ливерпуль»да жароҳатлар синдроми давом этмоқда, Фабиньо яна жароҳатланганлар сафига қайтган. Наби Кейта ва Жота машғулотларга қайтаётгани айтилса-да, ой охирларигача уларни майдонда кўра олмаймиз. Мезбонлар сафида эса Айозе Перес икки ҳафтага сафдан чиқди. Аммо Жейми Вардининг аста-секин формага қайтмоқда.

«Ливерпуль»нинг сўнгги икки ўйиндаги кетма-кет мағлубиятидан ташқари, диққатни жамлашда муаммо туғдириши мумкин бўлган омиллар бор. Биринчиси, куни-кеча Юрген Клоппнинг онаси вафот этди ва мураббий карантин чекловлари туфайли Германияга таъзия маросимига бора олмади. Иккинчиси, бу ўйиндан уч кун ўтибоқ, жамоа Чемпионлар Лигасида «Лейпциг»га қарши муҳим ўйинда майдонга тушади. Мавсум бошидан Суперкубок, Лига кубоги, Англия кубоги ва катта эҳтимол АПЛ кубогини бой бериб бўлган ливерпулликлар соврин ютиш учун сўнгги имкониятни қўлдан чиқармасликлари керак.   

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ТОТТЕНҲЭМ (13 февраль, 22:30)

«Манчестер Сити»нинг 15 ўйиндан иборат ғалабали серияси, 22 ўйинли мағлубиятсиз юриши ҳақида кўп гапирилмоқда. «Сити» ҳозирги тасаввурларга шу даражада ўргатиб қўйдики, бу юриш аслида қаердан бошланганини унутиб ҳам қўйдик. Эслаймиз – «Тоттенҳэм» Гвардиола жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришди ва айнан шу ўйиндан сўнг, Пеп турли экспериментларга чек қўйиб, натижа учун ўйнашни бошлади. Чунки жамоа турнир жадвалининг иккинчи ярмига тушиб кетган, пешқадамлар билан орадаги фарқ ошиб борарди. Пандемия футболи даврида юқори темпни ушлаб туриш футболчиларга қийин бўлишини тушунган мураббий кейинги ўйинларга анча прагматик ёндаша бошлади. Ҳатто «Олд Траффорд»даги ўйинда 0:0 ҳисоби Пепни қониқтирганда кўпчилик тушунмай қолганди ҳам. Уёғи маълум: юқорида эсланган 22 ўйинда «Манчестер Сити» атиги 6 гол ўтказиб юборди, холос. Фақат «Вест Бромвич» билан ўйинда ўтказилган гол жамоага қимматга тушди (1:1), қолган 5 гол ғалабали ўйинларда қўйиб юборилган жавоб голлари эди. Энди эса, Манчестерга Лондоннинг энг зўр «автобуси» ташриф буюрмоқда. Хўш, ғалабали серия бошланган нуқтада турган «Тоттенҳэм» айланани ёпа оладими?

Афсуски, сўнгги пайтларда «Тоттенҳэм» муаммолар гирдобида қолди. Ўйин борасида аввал ҳам Моуриньо алоҳида мақтана олмасди, аммо танланган тўғри режалар, Сон ва Кейнинг юқори савиядаги ўйинлари натижасида лондонликлар турнир жадвалида анча юқорида боришганди. Кейннинг жароҳати «Тоттенҳэм»нинг қаторасига уч мағлубиятига сабаб бўлди. Ниҳоят у қайтди ва охирги турда «Вест Бромвич» мағлуб этилди. Англия кубоги баҳсида якунда мағлубиятга учралган бўлса-да, жамоа 4 гол уришга муваффақ бўлди («Эвертон» билан ўйинда 4:5). Демак, аввалги боғламлар ишлашни бошлади ва бу фараз исботланиши керак бўлса, «Манчестер Сити» рақиб сифатида жуда мос.

Катта эҳтимол билан меҳмонлар беш ҳимоячи билан тўп суради. Бу схемада литерал сифатида Орье ва Регилон жуда мос футболчилар бўлишарди. Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам жароҳат олган. Дэвис ва Доэрти яхши ҳимоячи бўлишса-да, айнан тезкор қарши ҳужумларни ташкил қилишда олдин тилга олинган номлар кучлироқ эди. «Манчестер Сити» таркибида эса узоқ муддатга сафдан чиққан ва қайтиши кутилмаётган футболчилардан ташқари йўқотишлар йўқ. Биргина Серхио Агуэро борасида аниқ маълумотлар берилмади, у ҳеч бўлмаса захира ўриндиғида пайдо бўлиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Айтиш мумкинки, келаётган бир ҳафта «Манчестер Сити»нинг навбатдаги чемпионлик йўлидаги муҳим қадамлари бўлади. «Тоттенҳэм»дан сўнг, кейинги ҳафтада яна икки ўйин – «Эвертон» ва «Арсенал»га сафарлар кутиб турибди. Агар мана шу уч ўйиндан ҳам Гвардиола шогирдлари йўқотишларсиз чиқа олишса, рақибларнинг энг оптимист мухлислари ҳам уларнинг тахтдан тушишларига ишонишмаса керак.

НАПОЛИ – ЮВЕНТУС (13 февраль, 22:00)

Кузда Неаполдаги коронавирус хавфи туфайли жамоа Туринга кела олмаган, натижада техник мағлубият ёзилганди. Лекин «Наполи» судда ютиб чиқди ва ўша ўйин қайта ўтказиладиган бўлди. Январ ойи охирига белгиланган учрашув «Ювентус»нинг кубок учун майдонга тушиши туфайли яна номаълум муддатга қолдирилди. Ҳозирча қачон ўтказилиши номаълум бўлган такрорий ўйиндан аввал иккинчи давра ўйинини кўришга муваффақ бўламиз. Миланликларни қувишда давом этаётган «Ювентус» ва кучли тўртликка кириш учун ҳаракат қилаётган «Наполи» шанба оқшомига мазмун олиб киради.

А Сериядан ташқари, яқинда рақиблар Италия суперкубоги учун орани очиқ қилганди. 21 январ куни бўлиб ўтган ўйинда «Ювентус» Роналду ва Моратанинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида устун келганди. Ўша ўйиндан сўнг ҳам «Ювентус» зафарли юришини давом эттирмоқда. СПАЛ ва «Интер» доғда қолдирилиб, кубок финалига чиқилди, шунингдек, А Серияда қаторасига уч ўйинда бир хил – 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилди. «Наполи» эса аксинча, кубокда «Аталанта» довони ошиб ўтилмаганидан ташқари, охирги ўйинда «Женоа» ҳам ярага туз сепди – 1:2.

«Наполи»нинг бу муваффақиятсизликларида албатта, ҳимоя чизиғидаги муаммолар асосий сабаб бўлиши мумкин. Кулибали ва Ғулом вирусга чалиниб сафдан чиқишган, шунингдек, Манолас ва Ҳусай ҳам камида келаси ой бошларида қайтишади. Буларнинг барчаси асосий ҳимоячилар эди. Меҳмонлар сафида эса Рэмзи, Артур, Бонуччи ва Дибала майдонга туша олишмайди. «Ювентус» келаси ҳафта бошида «Порту» билан Чемпионлар Лигасида баҳслашиши кераклигини ҳам эътиборга олиш лозим. «Наполи» ҳам еврокубокда қатнашади, лекин мақоми сал пастроқ бўлган Европа Лигасида. Гаттузо шогирдлари «Гранада»га қарши майдонга тушишади.

Статистика аниқ бир ўйинга қай даражада таъсир кўрсатади, ишониш қийин-у, лекин бу жамоалар ўртасидаги сўнгги 9 ўйинда дуранг қайд этилмаган.

РЕАЛ – ВАЛЕНСИЯ (14 февраль, 20:15)

Рамос, Марсело, Милитао, Вальверде, Одриосола, Азар, Родриго, Карвахал – бу «Реал» таркибидаги жароҳатланганлар рўйхати. Зиданнинг ёзғирганича бор, бу ҳолатда мадридликларни танқид қилиш тугул, иккинчи ўринда юргани учун олқишлаш ҳам керак. Мураббий ҳатто сўнгги ўйинда ҳеч қачон мурожаат қилмагани 3-4-3 схемасида ҳам ўйнаб кўрди, ҳаммаси ижрочиларнинг етишмовчилигидан. «Валенсия»да ҳам ўзига яраша муаммолар бор. Черишев, Мангаля ва Диакаби жароҳатланган.

«Реал»ку катта амбициялари ва юлдузли таркиби билан энди шундай ҳолатга тушиб турибди, «Валенсия» эса аллақачон шу режимда яшашга ўрганиб қолган. Жамоа трансферлар ойнасида бир қатор етакчи футболчиларни бой берди, шундай бўлса-да, айниқса, охирги турларда анча яхши натижалар қайд этмоқда. Кубокда «Севилья»дан, чемпионатда «Атлетико»дан мағлубиятларни тўғри тушунса бўлади, сўнгги 9 ўйинда қолган 7тасида мағлубиятга учрамасликнинг уддасидан чиқишди. Аммо «Валенсия» ҳали ҳам тепага эмас, пастга қарашга мажбур – жамоа билан хавфли зонани атиги 4 очко ажратиб турибди, холос. 34 йиллик Ла Лига мавсумидан сўнг, қуйи лигага тушиш, қай шароитда бўлса ҳам «Валенсия»га ярашмаса керак.

Айниқса, айнан грандларга қарши «Валенсия» афишанинг ҳурматини қилади. Бензема ҳисобни очган ўйинда Солер учта пенальтини аниқ амалга оширган ва Вараннинг автоголи билан қўшилиб, 4:1 ҳисобида мезбонлар устун келганди.

«Реал» ўша ўйин учун қасд олишдан ташқари, «Атлетико»ни қувишда давом этиши керак. Тўғри, фарқ анча катта (5 очко ва «Атлетико»да икки захира ўйин бор), аммо ўтган турда «Атлетико» «Сельта» билан 2:2 ўйнади ва 9 ўйиндан иборат ғалабали серияга чек қўйди. Бу дуранг ҳам бекорга содир бўлмади, ҳозирда «Атлетико» сафида вирусга чалинганлар бор – Фелиш ва Лемарнинг йўқлиги ўйинга таъсир қилиши турган гап. Хуллас, «Атлетико»га пастдан туриб босим ўтказиш ва Испанияга интригани қайтаришнинг айни вақти.

АРСЕНАЛ – ЛИДС ЮНАЙТЕД (14 февраль, 21:30)

Бир пайтлар турнир жадвали юқорисида қўшни бўлиб юрадиган бу жамоалар ҳозир ҳам ёнма-ён турибди, аммо юқорига анча бор. «Лидс» 32 очко билан ўнинчи, «Арсенал»да бир ўйин захирада ва бир очко кам – ўн биринчи. Агар рақибларнинг аср бошларидаги тўқнашувларини хотирласангиз, тўпни назорат қилаётган «Арсенал» ва тезкор «Лидс» хаёлингизга келтиришингиз мумкин эди, афсуски энди бу ҳам ўзгарган. Артета ўз ўрнида қолиши учун очко керак бўлган сари, анча прагматик ва эҳтиёткор ўйнашга мажбур бўлса, «Лидс»ни чемпионатнинг энг қувноқ жамоаси дейиш мумкин. 5:0, 2:6, 4:3, 3:4 каби ҳисоблар айнан Бьелса жамоаси иштирокидаги ўйинларда қайд этилган ва бугунги «Лидс» ўртамиёна бўлишига қарамасдан фақат «кучли тўртлик» жамоаларидан кам гол урган, холос. Бошқа тарафдан фақат икки жамоа «Лидс»дан кўра кўпроқ гол ўтказиб юборган, холос. Хуллас, агар «Арсенал» ўта эҳтиёткорликни йиғиштириб, футбол ўйнашни истаса, биз жуда қизиқарли ва голларга бой тўқнашувга гувоҳ бўламиз.

«Лидс» сўнгги турларда анча кучли ўйин кўрсатяпти ва сўнгги 4 ўйиннинг 3тасида ғалаба қозонди. Айниқса, «Лестер» устидан сафарда қозонилган ғалаба анча ишончли чиқди. «Арсенал» эса аксинча, қаторасига 6 ғалабадан кейинги 5 ўйинда фақат «Саутҳэмптон»ни мағлуб этди, холос. «Вулверҳэмптон»даги мағлубият майли, қизил карточка барчасига бурилиш ясаганини тан олсак, «Астон Вилла» кўп жабҳада «Арсенал»дан устунлик қилганди.

Тақвим нуқтайи назаридан бу ўйинда очколар қўлга киритиш айниқса, «Арсенал» учун жуда муҳим. Чунки, кейинги турда лондонликлар «Манчестер Сити»ни қабул қилади. Ундан кейин «Лестер» майдонига сафар, ўртада «Бёрнли»га қарши нисбатан осон ўйиндан кейин яна «Тоттенҳэм», «Вест Ҳэм» ва «Ливерпуль» кутиб турибди. Яъни кейинги бир ойда Европа Лигасидаги «Бенфика»дан ташқари, Артета шогирдлари 4та катта ўйинда майдонга тушади. Ўша ўйинларда ишончли ҳаракат қилиш, ҳеч бўлмаса, дурангга рози бўлиш учун «Лидс» ва «Бёрнли» каби рақиблар мағлуб этилиши шарт бўлади.

Дарвоқе, Лидсда ўтган биринчи давра учрашувида ҳисоб очилмаганди. Ўшанда меҳмонлар яримҳимоячиси Пепе 51-дақиқада қизил карточка олган, лекин «Лидс» ғалаба қозона олмаган. Аммо Бьелса шогирдлари бутун ўйин давомида «Арсенал» дарвозаси томон 25 марта зарба беришганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

13 феврал. Гранада – АТЛЕТИКО (18:00), БОРУССИЯ Д – Аусбург (19:30), ПСЖ – Ницца (21:00) Специя – МИЛАН (14 февралга ўтар кечаси, 00:45) БАРСЕЛОНА – Алавес (14 февралга ўтар кечаси, 01:00)

14 феврал. РОМА – Удинезе (16:30), Вест Бромвич – МЮ (19:00), ИНТЕР – Лацио (15 февралга ўтар кечаси, 00:45)

15 феврал. БАВАРИЯ – Арминия (16 февралга ўтар кечаси, 00:30), ЧЕЛСИ – Ньюкасл (16 февралга ўтар кечаси, 01:00).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид