Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилган Kun.uz мухбирлари Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу мамлакатга ишлашга юборилган ватандошлар лагеридан репортаж тайёрлаган, унда ватандошларнинг яшаш шароити ҳавас қилгудек эмаслиги, берилган ваъдалар эса қоғозда қолгани ҳақида сўз борганди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан маълум қилишларича, мақола эълон қилинган куннинг эртасига, 11 февраль куни Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов бошчилигидаги элчихона ходимлари ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари яшаш жойига бориб, вазиятни ўрганган.
Баёнотда Ўзбекистон фуқаролари учун бошланғич зарурий шароитлар яратилгани, алоҳида 2 та хона бириктирилгани, кондиционер ва интернет (WiFi) борлиги, умумий ювиниш хонаси ва ошхона кунига 2 мартадан тозаланиши, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари келишилганидек ойига 425 доллар миқдоридаги маош ва тиббий суғурта билан таъминлангани айтилади.


«Чет эллик ишчилар учун мўлжалланган ётоқхонада Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Африка давлатларидан келган жами 3000 нафар меҳнат мигрантлари истиқомат қилади. Ётоқхона маъмуриятининг маълум қилишича, шу кунга қадар бошқа миллат ишчилари томонидан яшаш шароити ёмонлиги тўғрисида эътирозлар келиб тушмаган, 9 нафар ўзбек ишчилари учун алоҳида яшаш биноси ажратиш имкони йўқ.
Шу билан бирга, 9 нафар фуқаронинг барчаси «Saned» ташкилотида иш фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.
Айни пайтда «Saned» компанияси билан ўзбекистонликлар учун яшаш шароитини янада яхшилаш ва энг мақбул вариант ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда», – дейилади баёнотда.










