Жамият | 10:45 / 16.02.2021
121512
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда мудҳиш жиноят содир этган гуруҳга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб, чуқурга кўмиб юборган шахс ва унинг жиноий шерикларига суд ҳукми ўқилди. Жиноятчилардан бири 2014 йилда «Зулфия» мукофоти соҳибаси бўлган.

«Бир жиноят изидан» кўрсатувида маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 май куни Учтепа туман ИИО ФМБга фуқаро Нигора Пайзибекова мурожаат қилиб, 1989 йилда туғилган ўғли Равшан Раҳматуллаев 2020 йил 7 май куни соат 10:00ларда «дўстларим билан тоғга дам олишга кетяпман» деб, ўзининг бошқарувидаги Lacetti русумли машинасида уйдан чиқиб кетиб, шундан кейин қайтиб келмаганини хабар қилган.

Тошкент шаҳар прокуратурасига кўра, Пайзибекованинг мурожаатига асосан дастлаб ЖК 137-моддаси (одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Аниқланишича, Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Жамолиддин Орифбоев ўзининг таниши бўлган Раҳматуллаев Равшандан 2020 йил январида кейинчалик сотиб олиш шарти билан Spark машинасини ижарага олган. Жамолиддин ойлик чўтални ўз вақтида тўламагани сабабли Равшан билан оғзаки айтишиб қолган ва автомобилни қайтариб олган. Равшан бошланғич тўлов сифатида берилган 2000 долларнинг 1000 долларини машинасининг юкхонасидан Жамолиддинга олиб берган. Юкхонадаги катта миқдордаги пулни кўриб қолган Жамолиддиннинг нияти бузилган.

Равшан Раҳматуллаев

Шундан сўнг, муқаддам ўғрилик ва босқинчилик жиноятлари учун судланган Жамолиддин Равшаннинг жуда кўп миқдордаги пул ва моддий бойликларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Мақсуд Маҳкамов ва муқаддам каратэ бўйича жаҳон чемпиони ҳамда «Зулфия» мукофоти соҳибаси бўлган Севара Абдулҳакимова билан олдиндан жиноий гуруҳ ташкил этган. Жиноий гуруҳдаги вазифалар тақсимотига кўра, Жамолиддин телеграмдаги фейк аккаунт орқали Равшанга ўзини қиз бола сифатида таништириб, 3 ой давомида у билан яқиндан танишган ва якунда уни учрашувга таклиф этган. Севара эса 2020 йил 7 май куни учрашувга чиқиб, Равшанга ўзини у билан гаплашиб юрган қизнинг синглиси сифатида таништирган ва опасининг олдига олиб боришини айтиб, уни Жамолиддиннинг Юнусободдаги уйига олиб борган.

Жамолиддин ўзининг жиноий шериги Мақсуд билан биргаликда Равшаннинг уйга келишини кутган. Улар Равшанни уйда кутиб олиб, уни дўппослаб, бўйин қисмидан бўғиб, стулга ўтирғизиб, оёқ-қўлларини ип билан боғлаб, унинг ёнида бўлган 400 АҚШ доллари ҳамда 1 млн сўм пул маблағларини босқинчилик билан қўлга киритган. Шундан сўнг, Равшанни уйда мажбурлаб ушлаб туриб, ундан босқинчилик йўли билан пул олишда давом этишган. Яъни Равшаннинг телеграм аккаунтидан унинг отаси ва онасига хабар юбориб, машина олиш учун 29 минг доллар кераклигини, уни бизнес ҳамкори Музаффар Сагатов орқали бериб юборишларини сўраган. Равшаннинг отасини ишонтириш учун уни телефонда ҳам отасига шу гапларни айтишга мажбурлашган.

Шундан сўнг Музаффар Сагатов Равшаннинг телефонда берган топшириғига асосан 29 минг АҚШ долларини отасининг ёнига бориб олган ҳамда ушбу пулни Юнусобод тумани Марказ-5 даҳасида ўзини «Азиз» деб таништирган Жамолиддинга бериб юборган.

Ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттирган Жамолиддин 2020 йил 8 май куни соат 02:30ларда оёқ-қўллари боғланган Равшанни машина юкхонасида Яшнобод туманида ижарага олган хонадонига олиб борган ва у ерда ҳам Равшандан пул талаб қилган. Равшандан рад жавобини олгач, унинг юз ва бош қисмига уриб, бўйнидан бўғиб, оғир тан жароҳати етказиш орқали қасддан ўлдирган. Жамолиддин жиноятни яшириш мақсадида 2020 йил 8 май куни Қўйлиқ деҳқон бозоридан ёлланма ишчилар олиб келиб, ҳожатхона учун деб чуқур қаздирган ҳамда худди шу куни Равшаннинг боши, қўллари ва оёқларини танасидан ажратиб, бўлакларга бўлиб, чуқурга кўмиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Жамолиддин Орифбоев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «б», «и» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; тамагирлик ниятида қасддан ўлдириш), 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси 4-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда босқинчилик), 169-моддаси 3-қисми «а» (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган ўғрилик) бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга жазолар қисман қўшилуви билан узил-кесил 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жамолиддин Орифбоев

Мақсуд Маҳкамов Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Мақсуд Маҳкамов

Севара Абдулҳакимова суд жараёнида Жамолиддиннинг асл мақсадидан бехабар бўлганини, Равшанни урмасликни илтимос қилганида, ўзи ҳам калтак еганини, бўлган воқеадан кейинроқ хабар топганини айтиб, марҳумнинг яқинларидан кечирим сўраган.

Севара Абдулҳакимова

У Жиноят кодексининг 164-модда 4-қисми «а» (жуда кўп миқдорда босқинчилик) бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид