«Экстерриториал тамойил бўйича олдинлари Қуролли кучлар сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ўзи туғилиб ўсган ҳудудда, дейлик, Тошкент шаҳрида туғилган шахс шу ердаги ҳарбий муассасаларда хизмат қилиши мумкин эмас эди. Бугунги кунда бу тартиб ўзгарган.
2019 йил 12 сентябрдаги 4447-сонли президент қарори билан билан янги таҳрирда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ, территориал тамойил деган тушунча киритилди. Унга кўра, баъзи бир лавозим ва мутахассисликлар бўйича, масалан, тиббиёт ходими, ҳайдовчи, ошпаз ва бошқа тор мутахассисликлар эгаларига ўз ҳудудида хизмат қилиш имкони яратилди. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг марказий аппарати ва бошқарув аппаратига ҳам бугунги кунда ҳудудий тамойил асосида хизматга қабул қилиш йўлга қўйилган.
Тизимдаги янгиликлардан яна бири шуки, илгари ҳарбий хизматчи оиласида ёлғиз фарзанд бўлсагина туғилиб ўсган жойида хизмат қилиши мумкин эди. Ҳозир эса нафақат ёлғиз фарзанд балки, миллий менталитетимиздан келиб чиқиб, оилада ягона ўғил фарзанд бўлса, оиланинг бошқа фарзандлари қизлардан иборат бўлса ҳам уларга ота-онаси яшайдиган худудда хизмат қилиш ҳуқуқи берилди», дейди Шермуҳаммад Саидаҳмадов.

Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, илгари суд қарори билан офицерлик рутбасидан маҳрум бўлган ҳарбий хизматчилар умуман пенсиясиз қолган бўлса, бугунги кунда уларга оддий аскар унвонида пенсия тайинланмоқда.
«Илгари 4 йиллик олий таълим олганларга ҳам, шунингдек, 5 йил олий таълим олганларга ҳам катта лейтенант унвони икки йилдан сўнг бериларди. Ҳозир беш йил ўқиганлар навбатдаги ҳарбий унвонни бир йилда оладиган бўлди. Шу билан бирга, 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом»га мувофиқ, ижобий тавсияга эга, вакант лавозимлари йўқлиги сабабли берилган ҳарбий унвонида хизмат муддатини камида иккитасини ўтаган офицерларга лавозим бўйича бир поғона юқори турувчи ҳарбий унвон берилиши жорий этилди.
Тизимда йўлга қўйилган янгиликлардан яна бири – ҳар йили ҳарбий хизматчиларнинг навбатдаги таътилига, хизмат йилларининг календар ҳисобига кўра қўшимча тарзда 5, 10, 15 сутка таътиллар бериладиган бўлди. Бунда қўшимча таътил муддати ҳарбий хизматчининг иш стажига қараб белгиланади.














