Аввалроқ сайтимизда аҳоли мурожаатининг биринчи қисми — умумтаълим мактабини қайтадан қуриш бўйича давлат томонидан маблағ ажратилган бўлса-да, қурилишни бошлаш учун ер йўқлиги ҳақида репортаж эълон қилган эдик.
Қишлоқ гузарида маҳалла аҳолиси билан учрашганимизда улар ўзларини қийнаётган бошқа муаммолар, чунончи, қишлоққа олиб борадиган йўл носозлиги, болалар боғчаси йўқлигини ҳам маълум қилишган эди.

Ҳа, қишлоққа олиб борадиган асосий йўл ҳамда ички йўлларнинг носозлиги аҳолини қийнаб келмоқда. Расмийлардан талаб ҳам битта — қишлоққа олиб келадиган асосий йўлни созлаб бериш.

Маҳалла фаоли Рустамжон Иномжоновнинг билдиришича, ўтган йили қишлоқ йўлларини таъмирлаш учун давлат томонидан маблағ ажратилган. Бироқ бу маблағ асосий йўл таъмири учун сарфланмаган. Маҳалланинг айрим асосий кўчаларига шағал ётқизилиб кетилган. Қолган ички маҳаллалар эса аҳоли маблағидан шағаллаштирилган.

«Қишлоғимиз туманимизнинг энг чекка қишлоқларидан. Қишлоқда йўллар асфальт қилинмаган. Аҳоли ўз пулига кўчаларга шағал тўккан. Бир нарсани тан олиб айтишимиз керак: ўтган йили қишлоққа олиб кирадиган асосий йўлни асфальтлаш учун давлат томонидан 25 млн сўм пул ажратилган. Кейинчалик расмийлар турпоқ йўлларни шағаллаш керак, ундан сўнг асфальт қилинади деб қарор чиқарди. Шу бўлди-ю, қишлоқнинг айрим кўчалари шағалланиб кетилди. Қолган маҳаллалар ўз шахсий маблағидан пул йиғиб, ички кўчаларни шағаллаштирди», – дейди маҳалла фаоли Р.Иномжонов биз билан суҳбатда.

Яна бир муаммо — қишлоқда қишлоқ врачлик пунктининг йўқлигидир. Қишлоқда бирорта дорихона йўқ. Энг яқин дорихона қишлоқдан 3 км узоқликда жойлашган.
«Унда ҳам сиз излаган дори-дармон бор бўлса хўп-хўп, йўқ бўлса, туман марказига боришингизга тўғри келади. Кимнингдир тагида улови бор бўлса бу қийинчилик билинмайди. Улови йўқларга қийин. Айниқса кечки маҳаллар машаққатни кўрасиз. Қийин, жуда қийин. Шунинг учун ҳам қишлоққа транспорт қатнови керак. Шу ҳудуддан 2,5-3 км узоқликда врачлик пункти бор. Одамлар касал бўлса ҳам, эмланиш учун ҳам ўша ерга боради. Масъуллардан шароитга қараб туриб қишлоқнинг ўзига битта қишлоқ врачлик пункти очиб беришини ҳам сўраймиз. Қишлоқ марказида мана клубимиз бор, эски бўлса ҳам. Шуни озгина ўзгартириб берса ҳам бўлади», — дейди суҳбатдошимиз Рустамжон ака.


















